Ру En O'z
23 Июнь 2022 1151

Садуллаева Чехияда мавсум етакчилари билан мардонавор беллашди

Чехиянинг Брно шаҳрида енгил атлетика бўйича “ROČNÍK BRNĚNSKÉ LAŤKY OLYMPIE” халқаро мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Европанинг кўзга кўринган атлетлари билан ғолиблик учун баҳс олиб борган ҳамюртимиз Сафина Садуллаева бронза медалига сазовор бўлди.

Баландликка сакраш дастурида қатнашган сирдарёлик юртдошимиз 1.91 метр баландликдан ўтиб, учинчи натижани қайд этди. Эътиборлиси, унда ғалаба қозонган украиналик Ярослава Магичух мусобақада 2.03 метрни забт этиб, ўзига тегишли бўлган жаҳон бўйича мавсумнинг энг яхши натижасини 2 смга яхшилади. Иккинчи ўрин 1.97 метргача катта захира билан келиб, қолган уринишларда омадсизликка учраган бошқа бир украин атлети Ирина Герашенкога насиб этди.

Садуллаева баҳслар давомида дастлаб 1.84, сўнг 1.88 ва 1.91 метр баландликни бир уринишда ортда қолдирди. Аммо 1.94 метрлик планка Сафинага “бўйин эгмади” ва спортчимиз бронза медали соҳибасига айланди. Аҳамиятлиси, бу ҳамюртимиз учун мавсумдаги энг яхши натижа бўлди.

“ROČNÍK BRNĚNSKÉ LAŤKY OLYMPIE” турнири
Баландликка сакраш, аёллар:

1. Ярослава Магичух (Украина) – 2.03 метр
2. Ирина Герашенко (Украина) – 1.97
3. Сафина Садуллаева (Ўзбекистон) – 1.91

Text to speech