Ру En O'z
23 Июнь 2022 1372

Илмий тадқиқотлар бўйича хорижий тажрибалар ўрганилмоқда

Айни кунларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори Маҳмуджон Болтабаев ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлари институти директори Рашид Маткаримов Латвия ва Литва давлатларида спорт таълим тизими ҳамда илмий тадқиқот муассасалари бўйича тажриба алмашиш мақсадида хизмат сафарида бўлиб туришибди.

Юртимиз вакиллари ташриф доирасида Рига шаҳрида жойлашган Латвия спорт таълими академияси раҳбарияти билан учрашишди. Унда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, илмий тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, ёш олимларни ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди ҳамда икки томонлама ҳамкорлик битими имзоланди.

Университетимиз делегацияси Литва спорт университети таркибидаги Спорт ва инновациялар тадқиқот институтида ҳам бўлди. У ердаги спортчилар ўқув-машғулот йиғинларида фойдаланиладиган мобил лабораториялар, атлетларнинг сакраш кучини ўлчаб берадиган “BTS bioengineering” ҳамда замонавий “biomech” аппаратлари вакилларимизда катта қизиқиш уйғотди.

Лаборатория ходимлари томонидан замонавий техника воситаларини қандай ишлатилиши, кунлик меъёрлари ҳақида тушунча берилди. Учрашув сўнгида Литва Спорт ва инновациялар тадқиқот институти билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш масалалари келишиб олинди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур сафар Президентимиз томонидан 23 май куни спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш, мураббийлар тайёрлашдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган.

Ҳамюртларимизнинг Болтиқбўйи давлатларига ташрифи 24 июнгача давом этади.

Text to speech