Ру En O'z
21 Июнь 2022 1336

Мамлакат рекорди Тарасенко учун ярим финалга чиқишга камлик қилди

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида сув спорти турлари бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг бугунги кун дастурларида ҳамюртларимизнинг иштироки якунланди.

Маълум қилганимиздек, дастлаб Алексей Тарасенко 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича саралаш босқичида қатнашди. Ҳамюртимиз масофани 49.35 сонияда сузиб ўтиб, ушбу дастурда Ўзбекистон рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Мазкур йўналишда ярим финалга энг паст натижа билан йўл олган спортчи 48.51 сонияда маррага келди. Алексейнинг вақти эса якунда ўттиз биринчи натижа сифатида қайд этилди. Шу тариқа Тарасенко Будапешт шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатидаги иштирокини якунлади. Маълумот учун, бундан олдинги мамлакат рекорди Хуршид Турсуновга тегишли бўлиб, янгисидан 0.10 сонияга пастроқ бўлган.

Шунингдек, синхрон сузиш бўйича терма жамоамиз аъзолари Диана Онкес ва Зиёдахон Тошхўжаева жуфтлиги (Анна Вашенко захира спортчи) саралаш баҳсларида иштирок этди. Эркин дуэт дастурида қатнашган вакилларимизнинг чиқиши ҳакамлар томонидан 81.3333 балл билан баҳоланди. Афсуски, ушбу натижа терма жамоамиз аъзоларига финал йўлланмаси учун етмади. Умумий ҳисобда ўн тўртинчи поғонани қайд этган вакилаларимиз қитъамиз миқёсида фақатгина хитойликлардан кам очко жамғаришди. Финал босқичига эса 12 жамоа йўлланма олди.

Text to speech