Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси V Ислом бирдамлиги ўйинларига тайёргарликда елкадош эканини билдирди
Айни пайтда август ойида Туркиянинг Конья шаҳрида ўтадиган V Ислом бирдамлиги ўйинларига катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугун Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчисининг ўринбосари Алижан Аксой билан ушбу мавзу юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Мартабали меҳмонни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов қарши олишди. Даставвал Алижан Аксойга ўзбек спортининг бой тарихи, атлетларимиз сўнгги Олимпия ўйинларида қайд этган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг томонлар ҳамкорлик масалалари бўйича музокара олиб боришди.
Ойбек Касимов қардош ўзбек ва турк халқларининг ҳамкорлигини спорт йўналишида давом эттириш, хусусан, алоқаларни Конья шаҳрида ўтадиган V Ислом бирдамлиги ўйинларига тайёргарлик орқали янада мустаҳкамлаш борасида фикр билдирди. Азизжон Камилов Қўмита Бош котибининг фикрини давом эттирар экан, таниқли дипломатни октябрь ойида Тошкентда дзюдо бўйича илк бор бўлиб ўтадиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига таклиф қилди.
Алижан Аксой самимий қабул учун ташаккур айтиб, ҳамкорлик режаларини амалга татбиқ қилишга тайёр эканини таъкидлади. Шунингдек, у Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдинда турган Ислом бирдамлиги ўйинларига делегациямизнинг тайёргарлиги ва бошқа масалаларда қўлдан келганча ёрдам кўрсатишини билдирди.
Суҳбат давомида томонлар кун тартибидаги қатор мавзулар бўйича ўзаро фикр алмашиб, ҳамкорликнинг кейинги қадамларини келишиб олишди.