Спортимиз мутасаддилари кубалик мутахассис билан учрашишди
Куни кеча бокс бўйича кубалик таниқли мутахассис, профессор Карлос Иван Фуэнтос Вильянуэва Ўзбекистон терма жамоасида фаолият бошлагани ҳақида маълум қилган эдик. Бугун Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти тажрибали мутахассис билан учрашиб, олдиндаги режаларни муҳокама қилиб олди.
Учрашувда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ва унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов иштирок этишди. Унда Куба тажрибасидан фойдаланган ҳолда маҳаллий боксчилар маҳоратини ошириш, мураббийларининг тажрибасини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўз навбатида, халқаро мутахассис Республикада фаолият юритаётган бокс мактабларини ўрганиш, машғулотларда иштирок этиш истаги борлигини маълум қилди.
Мутасаддиларимиз суҳбат давомида вилоятлардаги спорт мактабларида бокс билан шуғулланиб келаётган ёшларнинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёргарликларини кучайтиришда хорижий тажриба муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди. Бунга жавобан, профессор Карлос Вильянуэва яқин кунларда ўз ишини Қашқадарё вилоятига бориш ва спорт мактабларини кўздан кечиришдан бошлашини маълум қилди.