Ўсмирлар ўртасидаги дунё биринчилигида муносиб қатнашган ёш оғир атлетикачиларимиз кутиб олинди
Мексиканинг Леон шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун тунда мусобақада юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ёшларимиз диёримизга қайтиб келишди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтган тантанали кутиб олиш маросимида Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг ўринбосари Раҳмон Холмирзаев, федерациянинг бошқа мутасаддилари, спортчиларимизнинг яқинлари иштирок этишди. Шаҳрулло Шарипович атлетларимизни қўлга киритилган муваффақият билан қутлаб, уларга келгуси мусобақаларда ҳам Янги Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишларини тилаб қолди.
Маълумот учун, мураббий Нурилло Тоғаев бошчилигида қатнашган 4 нафар спортчимизнинг барчаси ушбу дунё биринчилигида шоҳсупага кўтарилишди. Диёрбек Эрматов, Аброрбек Маъруфбеков, Қудратбек Салимжонов ва Нигора Сувоновадан иборат жамоамиз 8 та кумуш ва 2 та бронза, жами 10 та медалга сазовор бўлдилар.
Энди спортчиларимиз қисқа ҳордиқдан сўнг келаси ой пойтахтимизда ўтадиган ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарликни давом эттиришади.