Ру En O'z
18 Июнь 2022 1764

Мамлакатимизда боксчилар тайёрлашнинг миллий стандарти жорий қилинади, жамоамизда кубалик профессор иш бошлади

Хабарингиз бор, 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида спортни оммалаштириш, спорт таълимини яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш бўйича катта йиғилиш ташкил этилган эди. Бу борада Ўзбекистон бокс федерацияси тегишли чора-тадбирларни олиб бормоқда. Бунгача федерация раҳбарияти вилоятларда сафарда бўлиб, ҳудудлардаги вазият ва ҳолатларни ўрганди.

Ана шу ишларнинг мантиқий давоми сифатида федерация селекция тизимини ривожлантириш бўйича навбатдаги катта қадамни ташлади. Президент топшириғи асосида бокси жаҳонда тараққий этган Кубада замонавий бокс мактабининг бугунги услубини йўлга қўйган ва дунё тан олган тажрибали мутахассислардан бири Карлос Вильянуэва энди Ўзбекистон бокс федерациясида маслаҳатчи сифатида иш бошлади. Бу ҳақида федерация матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Маълумот учун, Карлос Вильянуэва улкан тажрибага эга бокс профессордир. Соҳада 48 йиллик тажрибага эга. Шогирдлари қаторида Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларининг олтин медаль эгалари бор. Бир қатор тажрибали мураббийларнинг, шу жумладан бугунги кунда Куба терма жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаётган Роландо Асебалнинг ҳам устози ҳисобланади.

Мутахассис Ўзбекистон бокс тизимини ўрганиб, таҳлил асосида мамлакатимизда боксчилар тайёрлашнинг ягона услубий қўлланмасини яратиш ишларида яқиндан ёрдам беради. Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов бошчилигида ўтказилган йиғилишда ЎзДЖТСУда фаолият олиб борувчи профессор, доцентлар билан биргаликда ушбу лойиҳа муҳокама қилинди.

Яна бир янгилик: режага биноан, энди Ўзбекистонда боксчиларни тайёрлашнинг миллий стандарти ишлаб чиқилади. Ана шу стандарт Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари, бокс мактаблари, Олимпия захиралари коллежларида жорий қилинади ва янги тизим асосида боксчилар тайёрланади. Бу эса ўз навбатида, селекцияни самарали ташкил этиш, янгидан-янги номларни кашф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Text to speech