Спортни ривожлантириш вазири Андижон вилоятида "Беш ташаббус Олимпиадаси"га олиб борилаётган тайёргарлик билан танишди
Андижон вилояти "Беш ташаббус Олимпиадаси" доирасида ўтказилаётган шашка ва workout беллашувларининг Республика босқичига мезбонлик қилади. Бугун Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов ҳал қилувчи босқичга кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишиш, ташкилотчиларга амалий ёрдам ва тавсиялар бериш мақсадида Андижонда бўлди.
Вазир дастлаб Андижон шаҳридаги Болалар-ўсмирлар спорт мактабида шашка бўйича Республика босқичи мусобақасига кўрилган тайёргарлик ишлари билан танишди. Мусобақага мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келадиган спортчи ёшларни кутиб олиш, беллашувлар майдонига олиб бориш, овқатланиш ва дам олиш учун яратиладиган шароитларнинг ҳолати асосий эътибор марказида бўлди.
Шу билан бирга мусобақалардан сўнг маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш ва унда таниқли спортчиларнинг иштирокини таъминлаш ёшларимизга жўшқин кайфият бағишлаши алоҳида қайд этилди.
Андижон Олимпия ва паралимпия захиралари коллежида бу борада амалга оширилган ишлар, спортчиларнинг дам олиши, овқатланиши, турли маданий тадбирларга жалб қилиниши масалалари яна бир бор пухта ишлаб чиқилиши юзасидан зарур таклиф ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, Андижон вилоятидаги спорт иншоотларини капитал таъмирлаш ишлари ҳам эътибор марказида бўлди. Хусусан, спорт коллежида амалга оширилаётган мукаммал таъмирлаш жараёнида спортчиларнинг нафақат дарс ва машғулотларда қатнашиши, балки уларнинг тиббий хизматдан фойдаланиши, ахборот-коммуникация технологиялари билан шуғулланиши учун шароит яратиш зарурлиги айтиб ўтилди. Асосий мақсад – мамлакатимизнинг эртаси бўлган ёшларни янада етук спортчилар этиб тарбиялашдан иборат. Ташриф давомида ҳудудлардаги спорт мутасаддиларига ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор ва масъулият билан ёндашиш зарурлиги уқтирилди.