Ру En O'z
17 Июнь 2022 1784

Спортимиз фидойиларига I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди

Ҳар йили “Нуроний” жамғармаси томонидан узоқ йиллар мамлакатимизнинг бир қатор соҳаларида самарали фаолият олиб борган юртдошларимизга турли даражадаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари топшириб келинади. Ташкилот Васийлик кенгаши бу йил ҳам бир гуруҳ ватандошларимизни мазкур кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисидаги қарорини эълон қилгани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мукофотга лойиқ кўрилган спорт соҳаси вакилларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди.

Унда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари, “Нуроний” жамғармаси Бошқарув раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор Содиқжон Турдиев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, “Нуроний” жамғармаси раисининг ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва бир гуруҳ фахрийларимиз иштирок этишди.

Тадбирни Адҳам Икрамов очиб берди ва мамлакатимизда кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси ва ижтимоий фаолликларини янада оширишга давлат даражасида эътибор қаратиб келинаётгани ҳақида гапирди. Шунингдек, Адҳам Илҳамович ҳукуматимизнинг ушбу ташаббусини давом эттирган ҳолда Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳам ҳамиша фахрийларимизга ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.

Ўз навбатида, Содиқжон Турдиев ҳам сўз олиб, ўзбек спортининг ҳозирги ютуқларида фахрийларимизнинг ҳиссаси, уларнинг спортимизга мустаҳкам тамал тоши қўйиб бергани ҳақида алоҳида тўхталди. Шунингдек, у спорт фахрийлари келгусида ҳам “Нуроний” жамғармасининг эътиборида бўлиши, ташкилот томонидан уларнинг саломатлигини тиклаш учун керакли шароит яратилишини таъкидлади.

Шундан сўнг узоқ йиллар ўзбек спорти ривожига умрининг катта қисмини бахшида этган Баҳодир Назиров, Раҳмонберди Аҳмедов, Арслон Илов, Лариса Павлова, Светлана Бабанина каби 13 нафар спортимиз фидойиларига I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони ва пул маблағлари топширилди.

Тадбир якунида Баҳодир Махситов спорт фахрийлари номидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдириб, уларнинг юртимиз спорти ривожи учун ҳамиша ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.

Text to speech