Темур Кападзе: “Бизнинг авлод ҳам чемпион бўлишни мақсад қилган”
Футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе Осиё кубоги ярим финалида қўлга киритилган ғалабадан сўнг матбуот анжуманида қатнашиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Биринчи навбатда ҳаммани ғалаба билан табриклайман. Биз финалдамиз! Япония кучли жамоа, тайёргарлик жараёнида уларни яхшилаб ўрганишга ҳаракат қилдик. Бугун йигитлар рақибга ҳар томонлама имконият қолдирмай ғалаба қозонишди”, – деди Т.Кападзе.
– Бугун ниманинг ҳисобига ғалаба қозондингиз деб ўйлайсиз?
– Ҳамма сирларни ҳам оча олмайман, албатта. Биз бу учрашувга катта ҳажмда тайёргарлик кўрган эдик. Йигитлар қўйилган вазифани маромига етказиб бажаришгани бунинг асосий сабаблардан.
– Бугун мухлислар ташриф буюрмаган бўлсалар ҳам, ОАВ вакиллари ажойиб қўллашди. Буни ҳам ҳис қилдиларингми?
– Шубҳасиз, мухлислар билан умуман бошқача ўйин бўлар эди. Биз ўз уйимизда эканимизни, стадион атрофида, телевизор қаршисида қанчадан қанча юртдошларимиз қўллаб туришганини ҳис қилар эдик. Бунинг учун барча юртдошларимизга ташаккур айтаман.
– Биринчи таймдан сўнг имкониятларимиз камдек туйилган эди. Танаффусда йигитларга нималар дедингиз?
– Бундай ўйинларда 1-2 вазият баҳс тақдирини ҳал қилади. Рақиблар қаердадир хато қилишини билар эдик. Жасурнинг ажойиб зарбаси билан ҳисобни очишга муваффақ бўлдик. Кўрганингиздек, улар йўл қўйилган хатони топа олдик ва бундан унумли фойдаланиб ғалаба қозондик.
– Ўйиндан аввал Сизнинг кўпроқ “Пахтакор” стадионида ўйнашни маъқул кўраётганингиз ҳақида гаплар тарқалди. “Бунёдкор”нинг ҳолати ҳақида нима дея оласиз?
– Ярим финал эмас, финални ҳам “Пахтакор”да ўтказишни хоҳлаган бўлар эдик. “Пахтакор”да майдон ҳолати яхши, ҳаво ҳам маромида айланади. Бу йигитлар учун жуда қулай. “Бунёдкор”да майдон анча “оғир” бўлиши ва ўйинда нафас олиш қийинлашиши барчага ноқулайлик туғдиради. Лекин бу ОФК белгилаган шарт. Финалда ҳам шу стадионда ҳаракат қиламиз.
– Финал йўлланмаси таассуротлари . . .
– Бу катта ғалаба биз учун. Аммо бу билан тўхтаб қолмаймиз. Саудия Арабистонининг ҳам кучини яхши биламиз. Улар билан кўп тўқнаш келдик. Аввал жамоамиз ушбу ёш тоифасида ғалаба қозонган. Биз ҳам чемпион бўлишни истаймиз.