Ойбек Касимов РСТИАМ мутасаддилари билан Тиббиёт маркази фаолиятини такомиллаштириш масаласини муҳокама қилди
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) фаолиятини янада кучайтириш мавзусида йиғилиш ўтказди. Унда МОҚ раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, шунингдек, Камол Сирожиддинов бошчилигидаги Тиббиёт маркази мутасаддилари иштирок этишди.
Даставвал Камол Сирожиддинов сўнгги даврда спортчиларимиз учун кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, уларга ёз фаслидаги текширувлар давомида қулай шароит яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Камол Комилович бунга қўшимча равишда ҳозирда Тиббиёт маркази шифокорлари ҳар бир федерацияларга бориб, атлетларимизнинг саломатлигини ўрганиб келаётгани, келгусида ушбу йўналишда график асосида мутахассислар федерацияларга бириктирилган ҳолда мунтазам назорат ишларини олиб боришларини айтиб ўтди. Қолаверса, эндиликда Республикамиз бўйлаб ҳам ҳудудларда спорт тиббиёти йўналишида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш режаси борлиги таъкидланди.
Шундан сўнг МОҚ Бош котиби олдинда турган йирик турнирларда жамоаларимизнинг муваффақиятли иштирок этишида соҳанинг аҳамияти ҳақида тўхталди. Ойбек Касимов халқаро майдондаги муваффақиятлар замирида спорт тиббиётининг алоҳида ўрни борлиги, Тиббиёт маркази шифокорлари Конья шаҳрида ўтадиган Ислом бирдамлиги ўйинларига тайёргарлик кўраётган жамоалар билан кўпроқ ишлаши лозимлиги, амалга оширилаётган витаминизация жараёнини ишончли ва сифатли маҳсулотлар билан узлуксиз йўлга қўйиш ҳақидаги тавсияларини берди.
Йиғилиш давомида РСТИАМ директори федерацияларга ташриф чоғида тор доирасидаги мутахассисларни ҳам жалб қилиш таклифини илгари сурди. Шунингдек, учрашувда тиббиёт маркази фаолиятини янада яхшилаш бўйича яна баъзи масалалар муҳокама қилинди ва янги ғоялар илгари сурилди.