Тартибсизлик қимматга тушди. ОФК ярим финални мухлисларсиз ўтказишимиз ҳақида қарор чиқарди
Осиё футбол конфедерацияси Тартиб-интизом қўмитаси U-23 Осиё кубоги чорак финали доирасидаги Ўзбекистон – Ироқ учрашувида юз берган воқеалар юзасидан қарор чиқарди.
Унга кўра, Ўзбекистон – Ироқ U-23 терма жамоалари ўртасидаги учрашувда бош ҳакам томонидан дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов майдондан четлатилганидан сўнг, стадиондаги томошабинлар томонидан майдонга турли хил буюмлар улоқтирилган, оқибатда ўйин бир неча дақиқага тўхтаб қолган.
ОФК Тартиб-интизом қўмитаси юзага келган вазиятларни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси футболчиси Абдувоҳид Неъматовга нисбатан 3 та ўйинга четлатиш (дисквалификация) ва жарима интизом чорасини қўллаш, Олимпия терма жамоасининг ярим финал доирасида Японияга қарши учрашувини мухлисларсиз ўтказиш ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясига жарима интизом чорасини қўллаш юзасидан қарор чиқарди.
Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, ярим финал доирасидаги баҳсда 500 нафаргача япониялик футбол ишқибозларининг учрашувга киришига рухсат берилди, дея маълум қилмоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси.