Ру En O'z
14 Июнь 2022 1420

Темур Кападзе: “Мухлисларимизни хурсанд қилишда давом этамиз”

Хабарингиз бор, эртага мамлакатимизда ўтказилаётган футбол бўйича U23 Осиё кубогининг ярим финал баҳслари бошланади. Бугун “Бунёдкор” стадионида иштирокчи жамоалар бош мураббийлари ва сардорлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда жамоамиз номидан Темур Кападзе ва Жасур Жалолиддинов қатнашди.

“Ярим финалга йўл олганимиздан хурсандмиз. Хар бир ўйин ўзига яраша қийин бўлди. Олдимизда Японияга қарши яна бир мураккаб учрашув кутиб турибди. Умид қиламанки, унда ҳам ғалаба қозониб, ўз олдимизга қўйган мақсадимизга етишамиз”, – деди Т.Кападзе.

“Финалга чиқишни хоҳлаймиз. Эртага қийин ўйин бўлади. Японияни ҳурмат қиламиз. Улар чорак финалдагидек провокацион ўйин қилишмайди. Шундан айтиш мумкинки, эртага ҳақиқий футболдан баҳра оламиз”, – деди жамоа сардори.

– Жамоангиз чорак финалда 120 дақиқа ўйнади. Тикланиш жараёни қандай кечмоқда?
– Чорак финалдан кейин ҳам руҳий, ҳам жисмоний чарчоқ бўлди. Асосийси ғалаба қозониб, ярим финалга чиқдик. Ҳозирда тикланиш жараёни кечмоқда. Умид қиламизки, эртанги баҳсга ҳар томонлама тайёр бўлиб улгурамиз.

– Таркиб жиҳатдан кучли Японияга қарши майдонга чиқасизлар. Бўлажак рақиб ҳақида нима дейсиз?
– Япония ҳамиша кучли жамоа билан мусобақаларга келади. Уларни ўрганиб чиқяпмиз. Ҳар бир жамоанинг заиф томони бўлади. Биз улардан унумли фойдаланган ҳолда ўз ўйинимиз билан ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

– Чорак финалдан кейин Япония мураббийи ўз йўналишида қолиб, ҳужумкор ўйин намойиш этишини айтди. Сиз ҳам бунга жавобан очиқ футболга мос тактика тайёрлайсизми?
– Уларнинг ҳамма ўйинини кўриб чиқдик. Ҳужум ташкил қилиш томондан улар анча кучли. Биз ҳам керакли пайтда ҳам ҳужум, ҳам ҳимояда ўйнаймиз. Эртага ғалаба учун майдонга чиқамиз ва бу учун нима керак бўлса, шуни қиламиз.

– Неъматов Японияга қарши ўйнай олмайди. Бу ҳол футболчиларнинг руҳиятига таъсир ўтказмайдими?
– Неъматов биз учун катта йўқотиш. Эрта четлатишдан сўнг ўйинда йигитлар ўзларини йўқотиб қўйишмади, аксинча, яна ҳам кучли ўйин намойиш этишди. Бу футболда учраб турадиган ҳолат. Эртанги баҳсда таркибдаги бошқа дарвозабон билан ҳаракат қиламиз.

– Қўшимча дақиқалар ва пенальтилар сериясига ҳам тайёрланаяпсизми?
– Албатта, бунга ҳам тайёргарлик кўрилмоқда. Руҳият ҳам, жисмоний ҳолат ҳам бунда катта роль ўйнайди. Турли вазиятларга тайёрмиз. Йигитларимга ишонаман. Насиб қилса, ҳаммаси яхши бўлади. Бунинг учун қўлдан келганини қиламиз.

– Агар ОФК ярим финални мухлисларсиз ўтказиш бўйича қарор қабул қилса, бу ўйинга қандай таъсир ўтказади?
– Мухлислар билан доимо бошқача ўйин бўлади. Айниқса, ўз уйингда ўтадиган бундай мусобақада. Мухлислар бизга катта мотивация беришяпти. Сезамизки, улар ойнайи жаҳон орқали бизни қўллаб-қувватлаб туришади. Нима бўлганда ҳам, эртага ярим финалда майдонна чиқамиз ва уларни хурсанд қилишда давом этамиз.

Text to speech