Ру En O'z
13 Июнь 2022 2728

Париж-2024 Паралимпия ўйинларига дастлабки йўлланма қўлга киритилди

4-12 июнь кунлари Франциянинг Шатору шаҳрида пара ўқ отиш бўйича ўтказилган Жаҳон кубогида ҳамюртимиз Сервер Ибрагимов 50 метрга тўппончадан отиш бўйича баҳсларда бронза, 10 метр масофадаги дастурда эса кумуш медалга сазовор бўлди.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитасининг маълум қилишича, спортчимиз ушбу натижаси билан делегациямиз ҳисобига 2 та медални ёздириб қўйиш билан бир қаторда, 2024 йил Парижда бўладиган XVII ёзги Паралимпия ўйинларига лицензияни ҳам қўлга киритди. Шу тариқа, Сервер Ибрагимов Париж-2024 Паралимпия ўйинларига лицензия қўлга киритган илк ўзбекистонлик спортчига айланмоқда.

Маълумот учун, Ибрагимов пара ўқ отиш бўйича бир неча бор жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори, шунингдек, Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинлари бронза медали соҳиби ҳисобланади. Яна бир аҳамиятли томони, ушбу спортчимиз Токио-2020 циклида ҳам Паралимпиячиларимизнинг лицензия ҳисобини бошлаб берган эди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Миллий Паралимпия қўмитаси ва спортчимизни ушбу муваффақият билан табриклаб, бундай натижалар бардавом бўлиши тилаб қолади.

Text to speech