Чим устида хоккей бўйича аёллар терма жамоамиз ҳам Осиё ўйинларига йўл олди
Айни кунларда Индонезияда чим устида хоккей бўйича аёллар ўртасида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари учун саралаш мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Қувонарлиси, унда иштирок этаётган қизларимиз муддатидан аввал Осиё ўйинларига йўлланма олишди.
Бугун жамоамиз Камбоджа устидан йирик 8:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ғалаба билан хоккейчи қизларимиз муддатидан аввал Ханчжоу-2022 йўлланмасига сазовор бўлишди. Регламентга кўра, айлана тизимда ўтаётган лицензион турнирда кучли олтиталикка кирган жамоалар бўлажак Осиё ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Шу тариқа, жамоамиз турнир якунланишидан 1 тур аввал олдинга қўйилган вазифани уддалади. Хоккейчи қизларимизнинг мусобақада қайд этиб келаётган натижалари билан танишинг:
1-тур: Ўзбекистон – Гонконг 0:4
2-тур: Ўзбекистон – Қозоғистон 0:2
3-тур: Ўзбекистон – Индонезия 2:1
4-тур: Ўзбекистон – Сингапур 0:2
5-тур: Ўзбекистон – Камбоджа 8:0
6-тур: Ўзбекистон – Шри-Ланка (14 июнь)
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой ушбу спорт турида эркаклар жамоамиз Таиландда ўтган квалификацион мусобақа орқали илк бор Осиё ўйинлари йўлланмасига эга бўлган эди. Шу тариқа, Париж-2024 Олимпиадаси учун лицензион характерга эга бўлган Ханчжоу-2022да чим устида хоккей бўйича ҳам эркаклар, ҳам аёллар жамоаларимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ушбу муваффақият билан Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси ва спортчиларимизни, терма жамоа мураббийлар штабини табриклаб қолади.