Мақсад – делегациямиз учун барча қулай шароитларни яратиш
Жорий йил Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтадиган V Ислом бирдамлиги ўйинлари ўзбек спорти эътиборида турган энг катта старт бўлиб турибди. Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрланаётган атлетларимизнинг ҳозирлигини кўриб олиш учун айни қулай фурсат, дея эътироф этилаётган мусобақага ҳар томонлама жиддий ҳозирлик кўрилмоқда.
Шу кунларда Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси мутасаддилари Конья шаҳрида хизмат сафарида бўлиб туришибди. Ундан кўзланган мақсад мезбон шаҳар инфратузилмаси, транспорт-логистика тизими, спортчилар учун яратиладиган шароитлар, объектлар орасидаги масофа, Олимпия шаҳарчаси билан яқиндан танишишдир.
Вазирлик ва Қўмита раҳбарияти ишлаб чиққан режага кўра, 9-18 август кунлари ўтадиган V Ислом бирдамлиги ўйинларида делегациямиз дастурга киритилган 27 спорт туридан 23 тасида 270 нафарга яқин спортчи билан иштирок этиши мўлжалланган. Умумий ҳисобда эса бўлажак турнирга дунёнинг 54 мамлакатидан 3500 нафар атрофида спортчи ташриф буюриши кутилмоқда. Шу боис юқорида қайд этилган йўналишлар бўйича керакли маълумотларни тўплаш мусобақа давомида делегациямизга максимал қулайликлар яратиш учун жуда муҳимдир.
Ҳозирда барча терма жамоаларимиз ушбу комплекс мусобақага қизғин тайёргарлик олиб бормоқда. Мураббийлар штаби билан тузилган янги режага мувофиқ, ҳар бир федерация мусобақа ўтадиган август ойига ўз атлетларининг спорт формасини максимал даражада юқори поғонага олиб чиқади.
7500 йиллик тарихга эга Конья шаҳрида айни пайтда 2 миллиондан ортиқ инсон истиқомат қилади. Шаҳар денгиз сатҳидан 1000 метрдан зиёдроқ баландликда жойлашган, иқлими континентал. Маълум қилинишича, август ойида шаҳарда ўртача 22-25 даража иссиқ бўлади. Шубҳасиз, бу ҳар қандай спорт турида беллашувлар ўтказиш учун жуда қулай шароит, дейиш мумкин.
Ишчи гуруҳ ташриф давомида Ўйинларнинг очилиш ва ёпилиш маросими бўлиб ўтадиган бош стадион, стенддан отиш, енгил атлетика, сузиш, баскетбол, велодром каби объектларда бўлиб, у ердаги шароитлар билан яқиндан танишди.