Темур Кападзе: “11 киши бўлганимизда, бу ўйинда осонроқ ғалаба қозонган бўлар эдик”
Осиё кубоги чорак финал доирасидан ўрин олган драматик баҳсдан сўнг жамоамиз мураббийи Темур Кападзе ва Жасур Жалолиддинов ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.
– Қизил карточка ўйинга қандай даражада таъсир қилди? (савол ҳам мураббий, ҳам футболчига)
– Авваламбор, халқимизни ғалаба билан тақдирлайман. Улар бизни охиригача қўллашди. Қизил карточка кутилмаган ҳолат бўлди. Эрта 10 киши бўлиб қолганимиз катта қийинчилик туғдирди. Шундай бўлса ҳам йигитлар руҳан синиб қолишмади, бунинг учун уларга раҳмат. Асосийси, ғалаба қозондик. (Т.Кападзе)
– Мураббийимнинг гапларига қўшилган ҳолда шуни айтаманки, бугун стадионда тил билан таърифлашга ожиз атмосферани кўрдик. Худди Европа Чемпионлар лигасига ўйнагандек бўлдик. Қизил карточка катта таъсир ўтказди. Бу бизни қандай кучли эканимизни кўрсатишга сабаб бўлди. Шундай ўйинлар орқали биз катта тажриба оламиз. Яна бир бор бизни ажойиб қўллаб-қувватлаб турган томошабинларга ташаккур айтамиз. (Ж.Жалолиддинов)
– Ярим финалда қайси жамоа тушишини хоҳлайсиз?
– Япония ҳам, Корея ҳам кучли. Лекин бу тақдирга боғлиқ. Ким кучли бўлса, ўша билан тўқнаш келамиз. Иккала жамоага ҳам омад тилаб қоламан. (Т.Кападзе)
– Араб ўйинини олдиндан биламиз. Йигитлар билан аввалроқ бунга тайёргарлик кўрилмаганмиди?
– Бу борада футболчиларга тушунтириш ишлари олиб борилади. Лекин ҳаммада ҳар хил руҳият, психология бор. Улар майдонга жанговор руҳда тушишади. Ўша вазиятда дарвозабонимизнинг ўзи бизнинг фойдамизга қўполлик ишлаб олиши мумкин эди. Бу биз учун катта сабоқ бўлди. (Т.Кападзе)
– Неъматовнинг қизил карточка олгани кейинги ўйинда биз учун қанчалик катта йўқотиш?
– У жамоамиздаги етакчилардан бири. Унинг тажрибаси катталигини инобатга олсак, бу биз учун катта йўқотиш бўлади. Футболда жамоада 23 ўйинчи бўлади. Кейинги учрашувда захира дарвозабонимиз билан керакли натижага эришишга ҳаракат қиламиз. (Т.Кападзе)
– Биринчи голдан кейин ва ҳисоб тенглаштирилган вақт орасидаги реакциянгизни тасвирлаб берсангиз ...
– Қизил карточка сабаб 1 киши кам бўлиб, қийин вазиятга тушиб қолдик. Йигитларга ишонар эдим. 11 киши бўлганимизда, бу ўйинда осонроқ ғалаба қозонган бўлар эдик. Охиригача ўз олдимизга қўйган мақсад сари ҳаракат қилдик ва ҳақли ғалабага эришдик деб ўйлайман. (Т.Кападзе)
– Ўйингача бўлган машғулот жараёнида экстра тайм ва пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрилганмиди?
– Албатта, кеча машғулот давомида пенальтилар сериясини машқ қилган эдик. Бунгача шогирдларимга ҳар қандай вазиятга тушиб қолишимиз мумкинлиги, барчасига тайёр бўлишимиз кераклиги ҳақида айтиб ўтганман. Тўғри, эрта қизил карточка олганимиз озроқ ҳаяжонга солган бўлса ҳам, бундай вазиятларга тайёрланган эдик. (Т.Кападзе)