Темур Кападзе: “Ҳозир барчамизнинг эътиборимиз эртанги баҳсга қаратилган”
Эртага мамлакатимизда давом этаётган футбол бўйича U23 Осиё кубогининг чорак финал учрашувларига старт берилади. Бугун “Бунёдкор” стадионида мазкур баҳслар олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда дастлаб терма жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзе иштирок этиб, Ироқ U23 жамоасига қарши кечадиган ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
“Ҳар бир ўйин ўзига яраша қийин бўлди. Жиддий рақиблар билан ўйнадик. Асосийси, биз биринчи ўрин билан кейинги босқич масаласини ҳал қилдик. Мусобақада заиф жамоалар бўлмайди. Бундан буёғига янада қийин ва жиддий рақиблар кутиб турибди”, – деди Т.Кападзе.
Шунингдек, унда жамоа сардори Жасур Жалолиддинов ҳам иштирок этиб, таассуротлари билан ўртоқлашди.
“Мураббий айтганидек, бу ерда осон рақиб бўлмайди. Ироқ ҳам кучли жамоа. Шунга яраша биз ҳам муносиб тайёргарлик кўряпмиз. Ярим финалга йўл олиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз”, – деди жамоа сардори.
– Рақиблар ўйиндан ўйинга кучайиб бормоқда. Ироқ тўсиғидан ўтсак, Япония ёки Кореяга тўқнаш келамиз. Бу каби кучли жамоалар билан ўйнашга тайёрмизми?
– Биз учун эртанги ўйин муҳим. Корея ёки Япониянинг қандай кучга эга эканини биламиз. Бизнинг жамоамиз ҳам ўзига яраша кучли. Аммо таъкидлаганимдек, бизнинг ҳозирги эътиборимиз Ироққа қарши баҳсга қаратилган. (Т.Кападзе)
– Бу босқичгача мағлуб бўлмадингиз. Бундан кейин ҳам шу серияни давом эттира олишингизга ишонасизми?
– Эртага катта ўйин кутиб турибди. Ҳар бир учрашувдан кейин рақиб ва уларнинг кучи ортиб боради. Аввал Ироқни ютиб олайлик. Ҳозир барчамизнинг фикримизда шу нарса турибди. (Т.Кападзе)
– Мухлислар жамоага тўла ишонмоқда. Мусобақада ғалаба қозониб, уларнинг ишончини оқлай оласизларми?
– Бизда ҳозир катта босим йўқ. Мухлисларимизга фақат ғалаба керак. Уларнинг кайфияти бизнинг ўйинимизга боғлиқ. Ҳар бир ғалабамизда уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қиляпмиз. Чорак финалга чиқиб, бирдан финал ҳақида ўйлайдиган пайт эмас. Бу вазиятда консентрацияни йўқотиб, мағлубиятга учраш ҳеч гап эмас. Шу боис ҳозир финал ҳақида ўйлашга эрта. (Ж.Жалолиддинов)
– Ироқ ҳақида нима дея оласиз?
– Бу жамоанинг катталари ва ёшлари доимо кучли ўйин намойиш этиб келган. Уларнинг баҳсини кузатиб чиқдик. Анча жиддий рақиб экани билиниб турибди. Ўз ўйинимизни кўрсатиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. (Т.Кападзе)
– Футболчиларнинг жисмоний ҳолати қай даражада? Эртага қўшимча вақтларга ҳам тайёрмисизлар?
– Бу борада болаларда яхши тайёргарлик бор. Эртага баҳс тақдири экстра таймларга ҳам чўзилиши мумкин. Улар ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан эртанги учрашувга тайёр. (Т.Кападзе)