Ру En O'z
9 Июнь 2022 1404

Спортни ривожлантириш вазири Туркияда V этноспорт маданият фестивалида иштирок этмоқда

Жорий йилнинг 26 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори имзоланди. Мазкур Қарор билан этноспорт турларини 2025 йилгача оммалаштириш ва ривожлантириш дастури ҳамда уни 2022–2023 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Этноспорт турларини мамлакатимизда янада ривожлантиришга қаратилган ушбу қарор миллий қадриятларимиз тараққиётида олдинга ташланган муҳим қадам бўлди. Таъкидлаш жоиз, туркий тилли давлатлар орасида этноспорт турларига қизиқиш ва эътибор жуда юқори. Бунга мисол сифатида бугун Туркиянинг Истанбул шаҳрида V этноспорт маданият фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтганини кўрсатиш мумкин.

Мазкур нуфузли тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов ҳам иштирок этди. V этноспорт маданият фестивалида дунёнинг 26 давлати вакиллари ўз маҳоратларини намойиш этишади.

Фестиваль доирасида вазир А.Икрамов Бутунжаҳон этноспорт конфедерацияси раиси жаноб Нажмиддин Билол Эрдўғон ҳамда яна бир қатор юқори мартабали меҳмонлар билан расмий учрашувлар ўтказади.

Text to speech