Ру En O'z
9 Июнь 2022 1384

Шерзод Ташматов Рим Гран-присидан сўнг мураббийлар штабининг фаолиятини танқидий кўриб чиқди

3-5 июнь кунлари Италия пойтахти Рим шаҳрида таэквондо WT бўйича мавсумнинг дастлабки Гран-при турнири бўлиб ўтди. Унда 8 нафар спортчи билан қатнашган терма жамоамиз 1 та бронза медалига сазовор бўлди. Табиийки, бу натижа Ассоциацияси раҳбариятини қаноатлантиргани йўқ. Шу боис, бугун МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов мураббийлар штаби билан йиғилиш ўтказди.

Унда Павел Хан бошчилигидаги штабнинг сўнгги даврдаги фаолияти кескин танқидий кўриб чиқилди. Айниқса, Рим Гран-присида таэквондочиларимизнинг иштироки, йўл қўйилган камчиликлар ва уларнинг ечимларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шерзод Ташматов ўтган мусобақада жамоамиз қайд этган натижадан умуман қониқмаганини айтиб, кейинги стартларга бутунлай бошқача ёндашув билан тайёрланиш лозимлигини билдирди ва деярли натижа бермаётган мутахассисларни кескин огоҳлантирди. МОҚ раиси ўринбосари керак бўлса, мураббийлар штабининг таркибни янгилаш, унга вилоятлардаги тажрибали тренерларни жалб қилиш масаласини ҳам кўриб чиқди. Шунингдек, йиғилиш давомида ҳар бир вазн тоифасида ёшлардан иборат захира спортчиларининг бугунги ҳолати, кўрсатаётган натижалари таҳлил қилинди.

Таъкидлаш жоиз, 24-27 июнь кунлари Корея Республикасида навбатдаги Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Шунингдек, августда Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказиладиган Ислом бирдамлиги ўйинлари дастурига ҳам таэквондо спорти киритилган. Шерзод Ташматов суҳбат давомида терма жамоамизнинг мазкур мусобақаларга тайёргарлигини максимал даражада кучайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Text to speech