Ру En O'z
9 Июнь 2022 1700

Бадиий гимнастикачиларимиз Осиё чемпионати олдидан ўз имкониятларини синовдан ўтказишди

Москвадаги Ирина Винер-Усманова гимнастика саройида бадиий гимнастика бўйича “Кучлилар турнири” мусобақасининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Унда иштирок этган терма жамоамиз вакиллари 5 та бронза медалига сазовор бўлишди.

Жамоамиз таркибида сўнгги мусобақаларда порлаётган Ёсмина Раҳимова учун бу турнир ҳам ажойиб якунланди. Раҳимова мусобақа доирасида кўпкураш дастурида бронза медалини қўлга киритгани унинг фаолиятидаги катта ютуқлардан бири бўлди. Беллашувларда ҳамюртимиз фақатгина россиялик опа-сингил Дина ва Арина Авериналарга имкониятни бой берди холос. Шунингдек, бу йўналишда қатнашган бошқа вакилларимиз Мила Ботурина тўртинчи, Екатерина Фетисова эса олтинчи ўринни эгаллади.

Ёсмина алоҳида машқлар дастурида халқа ва тасмадаги чиқишлари билан ҳам шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Токио-2020 иштирокчиси Екатерина Фетисова булава машқида, қолаверса, Виктория Нескубо, Ирода Содиқова, Диёра Бахтиёрова, Мубина Камолова, Ясмин Мирзаярова, Доминика Дамировадан иборат қизларимиз жамоавий дастурда учинчи натижани қайд этишди.

Таъкидлаш жоиз, бу турнир 23-26 июнь кунлари Таиландда ўтказиладиган Осиё чемпионати олдидан гимнастикачиларимизнинг спорт формаси ва тайёргарлигини кўздан кечириб олиш учун айни муддао бўлди.

Text to speech