Ру En O'z
8 Июнь 2022 1494

Спортчиларимизнинг тиббий кўрикдан ўтишлари учун янги қулайликлар яратилди

Маълумки, спортчиларимизнинг халқаро майдонда юқори натижаларни қайд этишида, уларга кўрсатиладиган тиббий хизматнинг ўрни катта. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошида ташкил этилган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази атлетларимиз учун қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор қўшимча ўзгаришларни амалга оширди.

Бу борада Марказ лабораторияси янги техника билан бойиганини таъкидлаш жоиз. У орқали эндиликда атлетларимизнинг умумий қон таҳлиллари аввалгидан анча кўп параметрларда кўриб чиқилади. Шунингдек, туркиялик мутахассислар билан ҳамкорликдаги ишлар орқали спорт генетикаси текширувидаги йўналишлар ҳам кўпайди.

Бугун МОҚ раҳбарияти мазкур техникалар қандай хизмат кўрсатаётгани ўрганиш мақсадида Марказ фаолияти билан танишди. РСТИАМ директори Камол Сирожитдинов Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситовга янги жиҳозларнинг қандай ишлаши ва уларнинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Спортчиларимиз учун яна бир қулайлик. Эндиликда улар тиббий кўрикдан ўтадиган асосий йўналишлар бир жойда тўпланди. Илгари атлетларимиз тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтишгач, Марказнинг кўплаб қаватларида навбатма навбат юришар эди. Янги ўзгаришдан сўнг лаборатория, барча турдаги функционал текширув хоналари бир жойда бирлаштирилди.

МОҚ раҳбарияти спортчиларимиз учун яратилган ушбу қулайликлар ҳақида ижобий фикр билдириб, мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш бўйича қўшимча тавсияларини берди. Аҳамиятлиси, ушбу тиббий жиҳозлар келгусида нафақат спортчилар, балки ҳамюртларимиз учун ҳам хизмат кўрсатиши мумкин.

Text to speech