Ру En O'z
7 Июнь 2022 1737

Президент Қарори Паралимпия оиласини руҳлантирди

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Ташходжаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига муносабат билдирди. Унда шундай дейилади:

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг сентябрида XVI Паралимпия ўйинлари иштирокчилари билан учрашувда спортчи ва уларнинг мураббийларини юксак мукофотлар билан тақдирлар экан, паралимпиячиларимиз жасорати ҳақида алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби” ташкил этиш таклифини билдирган эдилар. Бугун давлатимиз раҳбари берган ваъдасининг устидан чиқиб, ана шу таклифларни юзага чиқармоқдалар.

Ҳеч бир давлатда бир йил ичида паралимпия ҳаракати ва паралимпиячиларни Президент даражасида қадрлаган тизим бўлмаса керак. Ўтган йилнинг май ойида “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори чиққан бўлса, бу йил мана ана шу қарорнинг изчил давоми сифатида “Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарор қабул қилинди.

Бу, аввало, бизни хурсанд қилса, иккинчи томондан, бизга ва паралимпиячиларимизга катта масъулият юклайди.

Паралимпиячиларнинг матонат мактаби нима дегани ўзи, деб мендан сўрасангиз, айтишим лозимки, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш демакдир. Матонат мактаби бу – маҳорат мактаби, демакдир.

Бу бизга нима беради?
Биринчидан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса ёшларда ҳалоллик, виждонийлик, ватанпарварлик каби фазилатларни, миллий ғурур туйғуларини шакллантиради. Иккинчидан, ёшларни параспорт турларига кенгроқ жалб қилиш механизми ишга туширилади.

Бу мактабнинг яна бир вазифаларидан бири – ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат органлари ва ташкилотларига таклифлар киритиш ва тавсиялар бериш унинг яна бир функционал вазифалари сифатида белгиланмоқда. Шунингдек, ёшларга ўрнак кўрсатиш ва шахсий намуна сифатида уларни матонатли этиб тарбиялаш, бу борада илмий-амалий анжуманлар, савол-жавоб кечалари, китобхонлик, ўйинлар, машҳур кишилар билан учрашувлар ташкил этишда матонат мактаби етакчи рол ўйнайди.

Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида “Матонат мактаби” ташкил қилиниб, унга шахсан қўмита раиси сифатида раҳбарлик қиламан. Бунга қўшимча равишда 2 нафар штат бирлиги ажратилади. Шунга кўра Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши этиб қайта номланяпти.

Бизга бу борада Мудофаа ҳамда Спортни ривожлантириш вазирликлари ёрдам беради. Матонат мактабининг ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилишга Мудофаа вазирлиги ёрдам берса, ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш соҳасидаги вазифалар Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади. Мақсадимиз - “Янги Ўзбекистон – янги ғалабалар сари” деган ҳаётий эътиқодни қарор топтиришга қаратилган.

Янги ҳаётга қадам қўяётган ҳар қандай ёшнинг ўзи интилган инсони, севиб қўллаб-қувватлайдиган спортчилари бўлади. Шу маънода айтиш лозимки, бугунги паралимпиячиларимиз ҳам ўз иродаси ва матонати билан ана шундай шарафга лойиқ инсонлар, деб биламиз. Гарчи жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, уларнинг ҳар бири қаҳрамон, ҳаёт йўли ибрат бўлишга арзигулик шахслардир. Улар ҳақида фильмлар ишланади, кўрсатувлар тайёрланади, махсус китоблар чоп этилади. Инсон иродаси метиндек мустаҳкамлиги кўрсатиб берилади.

Ҳужжат асосида пойтахтимизнинг Абдулла Қодирий кўчасида жойлашган пиёдалар юриш ва дам олиш масканида Паралимпиячилар боғи ташкил этиляпти. Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган бекатларидан бирига “Паралимпия ҳаракати” номи берилади.

Матонат мактаби бўйича Ўзбекистон тажрибасини дунё мамлакатларига тарғибот-ташвиқот этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Тошкент шаҳрида “Паралимпия матонатчилари” халқаро форуми ўтказилади. Буларнинг барчаси ёшларнинг севимли паралимпиячилари тимсолида уларга иззат-икром ва ҳурмат кўрсатиш саналади. Ногиронлиги бўлган ҳеч бир шахс эътиборимиздан четда қолмайди.

Паралимпия ҳаракати бутун дунёга ёйилган хайрли ва савобли ҳаракатлардан саналади. Шунинг учун жисмоний имконияти чекланган ёки ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида оммавий спортни янаям ривожлантирамиз. Ҳар бирининг иқтидори ва имкониятига қараб парастол тенниси, парадзюдо, голбол, 5х5 футбол, параенгил атлетика, бочча, парапауэрлифтинг, парақиличбозлик, аравачада баскетбол каби спорт турларини ривожлантирамиз. Уларни зарурий спорт жиҳозлари ва спорт формалари билан таъминлаб борамиз.
Бу орқали профессионал спортни ҳам ривожлантириб, халқаро мусобақалар ва Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз довруғини янада кенгроқ ёйишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Text to speech