Ру En O'z
7 Июнь 2022 1679

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги раҳбари таништирилди

Спортни ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлигига янги бош директор тайинланиши муносабати билан йиғилиш ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Абдушукур Садиков Миллий антидопинг агентлигининг бош директори этиб тайинланди. Шу муносабат билан Нодиржон Турсунов ушбу лавозимдан озод қилинди.

Йиғилишни Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов олиб борди. Унда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосарлари Шаҳрулло Маҳмудов, Абдулло Аслонов ва Мурод Исмоилов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, Вазирлик мутасаддилари, Миллий антидопинг агентлиги ҳамда спорт федерация ва ассоциацияларининг масъуллари иштирок этишди.

Тадбир иштирокчиларига Миллий антидопинг агентлиги янги бош директори Абдушукур Садиков таништирилди.

Спортни ривожлантириш вазири А.Икрамов ушбу агентлик мустақил фаолият олиб бориши, шу билан бирга агентлик спорт федерация ва ассоциациялари билан ҳамкорликни янада кучайтириши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам ўз фикрларини билдириб, нуфузли мусобақалар олдидан спортчиларда допинг бўйича муаммолар бўлмаслиги лозимлигини айтиб ўтди.

Ўз навбатида, агентликнинг янги раҳбари Абдушукур Садиков билдирилган юксак ишончни оқлаш учун астойдил ҳаракат қилишга ва иш фаолиятини самарали ташкил этишга ваъда берди.

Маълумот учун, Абдушукур Садиков бунгача 2018-2022 йиллар давомида МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори сифатида ишлаган.

Text to speech