Адҳам Икрамов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида ўрганиш ишларини олиб борди
Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириши вазири Адҳам Икрамов бошчилигида тузилган ишчи гуруҳ ҳам ҳудудларда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишда давом этмоқда.
Жумладан, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларига хизмат сафарлари ташкил этилиб, ҳудудларда спортни ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқлар ва соҳадаги камчиликлар таҳлил қилинган эди.
Бугун вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибди. Ўрганишлар давомида туманлардаги спорт мактаблари фаолияти билан танишилмоқда ҳамда жорий йил 23 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш, мураббийларни тайёрлашдаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар бўйича тушунтиришлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Урганч Олимпия ва паралимпия захиралари коллежига ташриф давомида коллежда таҳсил олаётган ёш спортчилар билан мулоқот ташкил этилди. Суҳбат давомида ёш атлетлар томонидан берилган таклифлар ва ташаббусларидан келиб чиқиб, масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Хоразм вилояти спортни ривожлантириш бошқармаси масъуллари ҳамда БЎСМ ва ИБЎСМ директорларининг ҳисоботлари тингланди.