Ру En O'z
7 Июнь 2022 1305

МОҚ раҳбарияти Қаршидаги янги дзюдо залининг очилишида қатнашиб, вилоятдаги спорт таълим муассасаларининг фаолиятини ўрганди

Айни пайтда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти Қашқадарё вилоятида бўлиб турибди. Бугун ишчи гуруҳ ёш дзюдочилар учун барпо этилган янги залнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, мутахассислар билан вилоят спорти ривожининг янгича истиқболли режаларини муҳокама қилишди.

Даставвал МОҚ раҳбарияти Қарши шаҳридаги 11-сонли мактаб ҳудудида барпо этилган енгил конструкцияли дзюдо залининг очилиш маросимида бўлишди. Унда Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Сакен Полатов, МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Спортни ривожлантириш вазирининг маслаҳатчиси Аваз Каримов, Халқ таълими вазирлиги, вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси мутасаддилари иштирок этишди.

Қашқадарё дзюдоси терма жамоамиз учун Шерали Жўраев, Сойиб Қурбонов, Камолиддин Расулов каби номдор спортчиларни тарбиялаб берган. Тадбирда сўз олганлар ушбу залдан келажакда юртимиз шарафини жаҳон ареналарида муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорли спортчилар етишиб чиқишини, бунинг учун ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилишини алоҳида таъкидлашди.

Шундан сўнг вилоят спортини ривожлантиришнинг истиқболли режаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қашқадарёдаги асосий БЎСМ, ИБЎСМ, вилоят ОЗК, ҳудудий федерациялар вакиллари иштирок этишди. Соҳадаги камчиликлар ва ечимини кутаётган масалаларни ўрганиш бўйича ўтган очиқ мулоқотда 23 май куни Президентимиз раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида кўтарилган мавзулар, унда белгиланган вазифалар ижросини амалга ошириш тизими муҳокама қилинди. Шунингдек, унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 апрель куни ушбу вилоятга ташрифи доирасида соҳа мутасаддиларига берган топшириқларининг бугунги кундаги ҳолати ҳам ўрганилди.

Мутасаддилар Президентимиз томонидан спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш ҳамда мураббийларни тайёрлаш йўналишига катта аҳамият қаратаётганини алоҳида таъкидлашди. Бу борада юртбошимиз томонидан кеча имзоланган “Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлар орқали соҳанинг қанчалик долзарб экани тушунтирилди.

Йиғилиш давомида Президент топшириғи асосида дзюдо ва таэквондо спорт турларида ёш иқтидорли спортчиларни ҳудудларда селекция қилиш бўйича ишланган янгича тизим тақдимоти ўтказилиб, уни амалга татбиқ қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Тадбирдан сўнг мутасаддилар вилоятдаги таълим муассасаларнинг фаолияти билан яқиндан танишишди.

Text to speech