Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Мамлакатимиз довруғини дунёга танитиш борасида ёшларнинг қўлга киритган ютуқларини, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш орқали мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5114-сон қарорида белгиланган паралимпия ҳаракатини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиш мақсадида:
1. Паралимпиячиларнинг матонат мактаби (кейинги ўринларда – Матонат мактаби) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Матонат мактабининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
а) ёшлар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш соҳасида:
таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ҳамда маҳалларда ёшлар билан учрашувлар ташкил этиб, паралимпиячиларнинг ўз ҳаёт йўлларида қийинчиликларни қандай енгиб ўтганликлари ҳақида суҳбатлар ўтказиш;
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшларда ҳалоллик, виждонийлик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари шахс сифатларини, шунингдек, миллий ғурур туйғуларини шакллантиришга кўмаклашиш;
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшлар ижтимоий ҳаётининг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат органлари ва ташкилотларига таклиф ва тавсиялар киритиш;
она Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этиш билан боғлиқ энг муҳим тушунчалар, ҳаётий ва профессионал кўникмаларни илм-маърифат асосида ёшларнинг қалби ва онгига сингдириб бориш;
ёшларга юқори натижаларга эришган шахсларни ўрнак қилиб кўрсатиш орқали уларни матонатли этиб тарбиялаш, шу мақсадда илмий-амалий анжуманлар, савол-жавоб, китобхонлик кечалари, машҳур кишилар билан учрашувлар ташкил этиш;
ёшларда қадимий тарихимиз ва маданиятимиз билан, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантиришга кўмаклашиш;
б) ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш соҳасида:
ўсиб келаётган ёш авлодни паралимпия спорт турларига жалб этиш, уларни “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғояси атрофида бирлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшлар ўртасида махсус таълим муассасаларида ҳамда маҳаллаларда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказишда қатнашиш;
иқтидорли ёшларни танлаб олиш, уларни параспорт турларига йўналтириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш;
ёшларнинг халқаро параспорт тадбирлари ва мусобақалари, форум ва конференциялардаги иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.
3. Белгилансинки:
Матонат мактаби Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил қилинади;
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Матонат мактабига раҳбарлик қилади;
Матонат мактаби фаолиятини молиялаштириш манбалари бўлиб Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади;
Матонат мактабининг ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига қўшимча 2 та штат бирлиги ажратилади;
Матонат мактабига ҳудудларга бориб келиш ва тадбирларда иштирок этиш учун 1 та енгил автомобиль, 1 та автобусни харид қилиш учун маблағлар ва уларни сақлаш учун лимит ажратилади.
4. Паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши этиб қайта номлансин ва унинг янгиланган таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
Матонат мактабининг ёшлар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш соҳасидаги фаолияти Мудофаа вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади;
Матонат мактабининг ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш соҳасидаги фаолияти Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Мудофаа вазирлиги (Б.Курбанов) ва Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Матонат мактабининг асосий вазифалари самарали ва тўлиқ рўёбга чиқарилишида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига яқиндан кўмаклашсин.
6. Матонат мактаби фаолиятини ташкил қилишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинсин:
а) ҳар йили 1 декабрга қадар Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши таркибига киритилган вазирлик, идора, ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари тегишли намуна бўйича ишлаб чиқилган келгуси йил давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига тақдим этади;
б) Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси Мудофаа вазирлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда чора-тадбирлар режаларини Матонат мактабининг асосий вазифалари, мазкур қарорнинг 5-бандида кўзда тутилган йўналишлар, шунингдек, бошқа долзарб масалаларни ҳисобга олган ҳолда умумлаштиради ҳамда комплекс режа лойиҳасини тайёрлайди;
в) Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳар йили 20 декабрга қадар комплекс режа лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун, шунингдек, қабул қилинган комплекс режанинг ижроси бўйича йиғма ахборотни Вазирлар Маҳкамасига киритади;
г) Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши (А.Н.Арипов):
вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижроси ҳақидаги ҳисоботларини эшитади;
Кенгаш йиғилишида комплекс режа лойиҳасини кўриб чиқади ва ҳар йили 1 февралга қадар тасдиқлайди;
Матонат мактаби фаолиятини самарали ташкил этишда барча вазирлик, идора, ҳокимлик ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;
д) Мудофаа вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси билан биргаликда комплекс режа ижроси устидан доимий назорат олиб боради.
7. Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши (А.Н.Арипов) уч ҳафта муддатда Матонат мактабида 2022 йил давомида қуйидагилар амалга оширишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини тасдиқласин ва унинг тизимли равишда амалга оширилишини таъминласин:
а) Мудофаа вазирлиги (Б.Курбанов) томонидан:
ёшларнинг, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг онгу тафаккурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини, миллий армиямиз билан фахрланиш, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун масъулият туйғусини чуқур сингдириш;
ёшларга мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини тизимли равишда етказиш ҳамда дунёда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан уларда онгли муносабат ва фаол ҳаётий позицияни шакллантириш, бурчга садоқат, масъулият, фидойиликни ошириш;
ёшларнинг, шу жумладан, паралимпиячиларнинг ҳарбий қисмларга экскурсиялар ва кўргазмали ташрифларини ташкил этиш;
Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш асосида ёшларда “Янги Ўзбекистон – янги ғалабалар сари” деган ҳаётий эътиқодни қарор топтириш;
б) Миллий гвардия (Р.Джураев) томонидан:
терроризмга қарши курашишда ҳамда террорчилик ҳаракатларининг оқибатларини бартараф этишда иштирок этиб, мардонавор ҳалок бўлган аскарларнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш;
ёшларнинг, шу жумладан, паралимпиячиларнинг Темурбеклар мактаблари, олий ҳарбий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг махсус гуруҳлари ва ҳарбий қисмларга экскурсиялар ва кўргазмали ташрифларини ташкил этиш;
“Мард ўғлон” давлат мукофотига сазовор бўлган юртдошларимиз билан учрашувлар ўтказиш, улар эришган ютуқ ва натижаларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;
“Темурбек ворислари” ҳарбий-спорт ўйинларини босқичма-босқич ташкил этиш, уларга жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жалб қилиш;
в) Кинематография агентлиги (Ф.Абдухаликов) томонидан:
ёшларга мўлжалланган бадиий, мультипликацион ва қисқа метражли фильмлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш;
ёшларнинг мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, илмий ва ижтимоий ислоҳотлардаги иштирокини акс эттирадиган ва дахлдорлик туйғусини шакллантирадиган турли жанр ва мавзуларда фильмлар яратиш;
ёшларнинг спортга кириб келишидан бошлаб уларнинг юқори натижаларга эришиш йўли, нуфузли мусобақалардаги иштироки ва бугунги кундаги ҳаёти тўғрисида қисқа метражли бадиий ва ҳужжатли фильмлар, видеороликлар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш;
ёшлар ҳаёти, уларнинг орзу-интилишлари, ўй-ҳавасларини ифодаловчи фильмлар ишлаб чиқарилишини ташкил этиш;
тайёрланган фильмларни ёшлар орасида кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш чораларини кўриш;
г) Ёшлар ишлари агентлиги (А.Саъдуллаев) томонидан:
ёшларда, хусусан уюшмаган ёшларда тарихий хотира, миллий ғурур ва ўзликни англаш, рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш;
ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг замонавий касбларни эгаллашга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш;
истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шарт-шароитлар яратиш;
ёшлар, хусусан уюшмаган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб қилиш;
ёшларни, хусусан уюшмаган ёшларни диний-экстремистик ва бошқа бузғунчи ташкилотлар таъсиридан, четдан “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсир ва таҳдидлардан асраш;
д) Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси (С.Саййид) томонидан:
катта истеъдод ва юксак фуқаролик позициясига эга бўлган кекса авлод вакилларининг ижодий салоҳияти ва маҳоратидан ёшларни кенг баҳраманд этиш;
ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш;
мумтоз адабиётимизни, буюк намояндаларнинг асарларини ёшларга янада яқинлаштириш;
ёшлар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар билан “Дўрмон”, “Паркент” ва “Зомин” ижод уйларида таниқли ёзувчилар, шоирлар иштирокидаги учрашувларни ташкил этиш;
маҳаллалар, таълим муассасаларида ёшлар, шу жумладан, паралимпиячилар иштирокида мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, шунингдек, ижодий учрашувлар ташкил этиш;
е) “Нуроний” жамғармаси (С.Турдиев) томонидан:
оқсоқоллар, кекса ёшдаги маҳалла фаолларини ёшларни Ватанга муҳаббат, кексаларни эъзозлаш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ёшларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжлари қондирилишида ҳар томонлама ёрдам бериш;
таниқли кекса ёзувчилар, артистлар, хонандалар, спорт фахрийлари, рассомлар ва ижодкор зиёлиларнинг бошқа вакилларини таклиф этган ҳолда ёшлар ўртасида ижодий кечалар ташкил этиш;
ж) Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) томонидан:
ёшлар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ва паралимпиячиларнинг ибратли ҳаёт йўллари ва қийинчиликларни қандай енгиб ўтганликлари ҳамда ғалаба қозонганлиги ҳақидаги учрашув ва суҳбатларни кенг ёритиш;
мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва тематик телерадиодастурлар тайёрлаш;
паралимпия спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати (кубоги), мамлакатимизда ўтказиладиган нуфузли халқаро мусобақалар (турнирлар)ни оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш.
8. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлигининг:
Тошкент шаҳри, А.Қодирий кўчасида жойлашган пиёдалар юриш ва дам олиш масканида Паралимпиячилар боғини ташкил этиш;
Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган бекатларидан бирига “Паралимпия ҳаракати” номини бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
9. Белгилаб қўйилсинки, Матонат мактаби бўйича Ўзбекистон тажрибасини дунё мамлакатларига тарғиб этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Тошкент шаҳрида “Паралимпиячилар матонати” халқаро форуми ўтказилади.
10. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
2022 йил 1 июлдан бошлаб тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ҳисобида турган 10-35 ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда фуқароларнинг мурожаатига кўра ногиронлик гуруҳи белгиланган спортчилар ҳақидаги маълумотлар ҳар чоракда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига тақдим этилади;
2023 йил 1 январдан бошлаб тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари хулосалари асосида ногиронлик гуруҳи белгиланган барча 10-35 ёшдаги шахсларнинг электрон маълумотлари ҳар чоракда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига юборилади;
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари хулосалари асосида ногиронлик гуруҳи белгиланган 10-35 ёшдаги шахсларни паралимпия спорт турларига йўналтириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб боради.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (А.Инаков) Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) зиммасига мазкур бандда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали ташкил қилиш бўйича шахсий масъулият юклатилсин.
11. Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар Матонат мактаби билан ҳамкорликда қуйидагиларни 2022/2023 ўқув йили бошланишига қадар амалга оширсин:
таълим жараёнида соғлом ўқувчи ва талабалар билан бир қаторда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчи ва талабаларнинг ақлий ҳамда ижтимоий салоҳиятларини ривожлантириш;
ривожланишнинг турли имкониятларига эга бўлган ўқувчи ва талабалар учун ҳар қандай камситилишни истисно қиладиган, барча ўқувчи ва талабаларга тенг муносабатда бўлишни таъминлайдиган ягона мослаштирилган ижтимоий муҳитни яратиш;
жамоатчилик ҳамда таълим жараёнининг барча иштирокчиларида алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчи ва талабалар муаммоларига нисбатан бағрикенглик муносабатини шакллантириш;
Маданият вазирлиги билан биргаликда ўқувчи ва талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда мусиқа, рассомчилик, тасвирий санъат, кулолчилик ва бошқа тўгаракларни ташкил этиш.
12. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) тасарруфидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар), “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар учун “Мурувват” интернат уйларида паралимпия спорт турлари, шу жумладан, парастол тенниси, парадзюдо, голбол, 5х5 футбол, параенгил атлетика, бочча, парапауэрлифтинг, парақиличбозлик спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратсин ҳамда уларни зарурий спорт жиҳозлари ва формалари билан таъминласин.
13. Қуйидагилар:
Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) тасарруфидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар), “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари учун спорт жиҳозлари ва формаларини харид қилиш мақсадида вазирликка ажратилган бюджет маблағларининг иқтисод қилинган қисмидан йил якунига қадар 2 миллиард сўмгача;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев) “Мурувват” интернат уйлари учун спорт жиҳозлари ва формаларини харид қилиш мақсадида вазирликка ажратилган бюджет маблағларининг иқтисод қилинган қисмидан йил якунига қадар 1 миллиард сўмгача йўналтирсин.
Молия вазирлиги (Т.Ишметов) 2023 йилдаги Давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўзда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 3 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағларни назарда тутсин.
Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар), “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ҳамда “Мурувват” интернат уйларидаги ногиронлиги бўлган болаларни доимий равишда ҳудудлардаги спорт-таълим муассасаларида (спорт мактаблари, Олимпия ва Паралимпия коллежлари ва бошқалар) белгиланган параспорт турларига жалб қилиш чораларини кўрсин.
14. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси Матонат мактабининг самарали фаолият олиб бориши учун етарли шароит ҳамда мультимедиа маҳсулотлари, адабиётлар, буклет, баннер ва бошқа креатив тарғиб қилувчи материаллар билан таъминласин.
15. Халқ таълими вазирлиги (Б.Саидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошкулов), Спортни ривожлантириш вазирлиги (А.Икрамов) ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси (М.Ташходжаев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларнинг таълим олган муассасаларида “Матонатли спортчиларимиз – фахримиз” хоналарини ташкил этсин.
16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Матонат мактаби ишчи гуруҳларининг ҳудудларда самарали фаолият олиб бориши учун етарли шарт-шароитлар яратиш;
Матонат мактаби томонидан амалга ошириладиган тарғибот-ташвиқот ишларини манзилли ташкил этиш ва тадбирларни юқори савияда ўтказиш;
туман (шаҳар)лар тарихий музейларида Паралимпия, Параосиё ўйинларида иштирок этган спортчиларга бағишланган экспозициялар ташкил этиш чораларини кўрсин.
17. Молия вазирлиги (Т.Ишметов) мазкур қарорда белгиланган Матонат мактаби фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ зарур маблағларни 2022 йил республика бюджетида кўзда тутилган маблағлар доирасида, 2023 йилдан бошлаб эса Давлат бюджети параметрларида назарда тутишни таъминласин.
18. Матонат мактаби Тошкент шаҳри, Бешёғоч кўчаси, 126-уй манзили бўйича жойлаштирилсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 майдаги “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5114-сон қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
20. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб мудофаа вазири Б.Н.Курбанов, спортни ривожлантириш вазири А.И.Икрамов ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси М.М.Ташходжаев белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 6 июнь