МОҚ раҳбарияти тўла қайта таъмирланаётган Жиззах ОЗК фаолияти билан танишди
Республикамиз ҳудудлари бўйлаб ўрганиш ишларини олиб бораётган Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматовнинг навбатдаги ташрифи Жиззах вилоятига амалга оширилди.
Мутасаддиларни вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жалолиддин Ўктамов ва Жиззах ОЗК директори Хуршид Атакулов кутиб олишди. Шундан сўнг маҳаллий мутахассислар МОҚ раҳбариятини вилоятда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар билан таништиришди.
Аввал хабар берганимиздек, Қўмита раҳбариятининг бу каби сафарлари 23 май куни Президентимизнинг спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш ҳамда мураббийларни тайёрлаш бўйича ўтказган видеоселектордаги топшириқлари асосида ташкил этилмоқда.
Х.Атакулов МОҚ раҳбариятини айни пайтда Инвестиция дастури бўйича тўлалигича қайта таъмирланаётган Жиззах ОЗКнинг янги лойиҳаси билан таништирди. Мутахассис Коллежнинг янгича қиёфаси, ётоқхона, ўқув корпуслари, қуриладиган янги заллар, кадрларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш режаларига батафсил тўхталди. Унинг сўзларига кўра, коллеж келаётган ўқув йилидан янгича тизимда иш бошлайди.
Шундан сўнг Ёшлар ишлари агентлиги залида вилоятдаги спорт соҳасининг мутахассислари билан давлатимиз раҳбарининг селекция тизимини буткул янгилаш ҳақидаги топшириғи асосида ишлаб чиқилган янги режа тақдимоти бўлиб ўтди. Унда таэквондо ва дзюдо спорт турлари мисолида ҳудуд ва секторлар кесимида ташкил этиладиган турнирлар лойиҳаси, мураббий ва ҳакамларнинг малакасини ошириш бўйича режалар хусусида батафсил тўхталиб ўтилди ва вазифалар белгилаб олинди.