Енгил атлетика хабарлари: Садуллаевада ғалаба, Воронинада қитъадаги энг яхши натижа
Ҳафта якунида енгил атлетикачи қизларимиз Европа майдонларида ўтказилган турли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, юқори натижаларни кўрсатишди. Жумладан, Сафина Садуллаева Германияда ўтган мусобақада ғалаба қозонган бўлса, Екатерина Воронина ҳамда Дарья Резниченко Испаниядаги турнирда қатнашди.
Релинген-Зирсбург шаҳрида ўтган “57th International Pentecost Sport Meeting Rehlingen” мусобақаси Садуллаева учун муваффақиятли якунланди. Юртдошимиз бу гал 1,88 метр баландликни забт этишга эришди.
Баландликка сакраш, аёллар:
1. Сафина Садуллаева (Ўзбекистон) – 1,88 метр
2. Оксана Окунева (Украина) – 1,85
3. Имке Оннен (Германия) – 1,82
Икки карра Олимпия ўйинлари қатнашчиси, кўпкурашчимиз Екатерина Воронина Испанияда “олтин” даражадаги “XI Meeting Internacional Arona Pruebas Combinadas Tenerife 2022” турнирида қатнашди. 18 нафар маҳоратли спортчилар иштирок этган мусобақада Екатерина 6072 очко билан тўртинчи натижани қайд этди. Таъкидлаш жоиз, бу осиёлик кўпкурашчилар орасида мавсумнинг энг юқори кўрсаткичи бўлди. Воронина ҳар бир йўналишларда қуйидаги натижаларни кўрсатди: тўсиқлар оша 100 метр – 14.50 (909 очко), баландликка сакраш – 1,73 (801), ядро улоқтириш – 13,64 (770), 200 метр – 25,52 (840), узунликка сакраш – 6,02 (856), найза улоқтириш – 50,45 (869, 800 метр 2:11.90 (937).
Кўпкураш, аёллар:
1. Хари Ховкинс (АҚШ) – 6243 очко
2. Клаудия Конте (Испания) – 6174
3. Марийке Эсселник (Нидерландия) – 6087
4. Екатерина Воронина (Ўзбекистон) – 6072
Андухар шаҳри мезбонлик қилган “бронза” даражадаги “Meeting Jaén Paraíso” турнирида иштирок этган Дарья Резниченко узунликка сакраш дастурида тўртинчи поғонадан жой олди.
Узунликка сакраш, аёллар:
1. Фатима Диаме (Испания) – 6,76
2. Ясмин Коале (Буркина-Фасо) – 6,42
3. Ирати Митхелена (Испания) – 6,37
4. Дарья Резниченко (Ўзбекистон) – 6,32