Темур Кападзе: “Қаршида бизни бундан ҳам юқори атмосфера кутиб турганига ишонаман”
Қатар U23 терма жамоасини 6:0 ҳисобида мағлуб этган Олимпия терма жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзе ҳам матбуот анжуманида иштирок этиб, учрашув ҳақида ўз фикрларини билдирди.
– Жасур Жалолиддиновнинг ўзгартирилиши нима билан боғлиқ?
– Авваламбор, барчани ғалаба билан табриклайман. Мухлислар бизга катта мотивация беришди. Жасурнинг ўзгартирилишига тўхталсак, уни кейинги ўйинларга сақлаш мақсадида олдинроқ захирага олдим.
– Учрашувда бундай йирик ҳисоб бўлишини кутганмидингиз?
– Тўғриси йўқ. Барчаси вазиятлардан унумли фойдаланишимиз билан бутунлай ўзгариб кетди. Бугун йигитлар ажойиб ҳаракат қилишди. Ўйин шиддатли бўлди. Тайёргарликдан ташқари эмоция ҳам ғалабамизга ижобий таъсир ўтказди.
– Аввалги ўйин билан солиштирганда ўйинда анча фарқ бўлди. Бунинг сабаби нима?
– Бу учрашувга дастлабки баҳсдан ҳам яхшироқ тайёрландик. Туркманистон асосан ҳимоявий ўйин кўрсатгани учун “қобиқ”ни ёриб ўтишга жуда қийналган эдик. Бугун очиқ ўйин бўлиши бизга жуда қўл келди. Кўпчилик Туркманистонни ўтган тур менсимаган эди. Мана, улар бугун Эронни мағлуб этиб, кейинги босқичга чиқишга яқин туришибди.
– Қатарнинг бундай йирик ҳисобда мағлуб бўлишига мухлисларнинг қандай таъсири бўлди, деб ўйлайсизми?
– Бунақа ғалабаларда мухлисларнинг ҳам ўз кучи бор. Лекин биз рақибни яхши ўргангандик. Индивидуал ва тактик жиҳатга асосий эътиборимизни қаратдик. Кўриндики, биз улардан яхшироқ тайёрланган эканмиз.
– Кейинги ўйин Қаршида бўлади. Сафарга тайёрмисизлар?
– Кейинги учрашувга эрталабдан ҳаракатни бошлаймиз. Туш вақти Қаршига йўл оламиз. Орада тайёргарлик учун 2 кун бор. Ўйлайманки, Қаршида бундан ҳам яхши атмосфера бўлади. Мухлислар бизни у ерда ҳам юқори даражада қўллаб туришларига ишонаман.