Сирдарё вилоятида Президент топшириғи бўйича тайёрланган янги селекцион тизим муҳокама қилинди
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятининг Республикамиз ҳудудлари бўйлаб олиб бораётган ўрганиш ишлари давом этмоқда. Бугун МОҚ раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ҳамда Шерзод Ташматов Сирдарё вилоятида бўлишди.
Хабарингиз бор, 23 май куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида спорт таълими ва селекция ишларини кучайтириш, ҳудудларда бу борада мутлақо янгича тизим йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилган эди. Бугун ўтказилган йиғилишда мазкур вазифалар ижроси, унинг механизми бўйича сўз борди.
Гулистон шаҳар ҳокимияти залида ўтган учрашувда вилоят спорт бошқармаси, спорт таълим муассасалари, федерацияларнинг вилоят бўлими вакиллари иштирок этишди. Унда даставвал Азизжон Камилов ўтказилган видеоселектор мазмун-моҳияти, юртбошимиз томонидан соҳа ривожини янги даражага олиб чиқиш борасида берилган вазифалар, йўналишлар хусусида тўхталиб ўтди. А.Камилов сўз якунида бу борадаги ишларни амалга оширишда барчадан ўз вазифаларига масъулият билан ёндашишни сўради.
Шундан сўнг Шерзод Ташматов янги тизим ва унинг ўзига хосликлари ҳақида тўхталиб ўтди. Маълумки, ишлаб чиқилган лойиҳага мувофиқ, мусобақалар спорт турлари хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуднинг туман ва шаҳарларида ёш тоифалари бўйича зоналар ва секторлар кесимида ўтказилади. Бу борада дзюдо ва таэквондо мисолида режадаги барча босқичлар тушунтириб берилди.
Иқтидорли спортчиларни селекция қилишда улар учун керакли шароитни яратишдан ташқари, тренер ва ҳакамлик корпуси каби йўналишларни ҳам ривожлантириш лозим. Шу боис янги лойиҳада бу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтилган. Унда ёш спортчиларни тарбиялайдиган мутахассисларнинг малакасини ошириш, мусобақаларнинг адолатли ва шаффоф бўлишини таъминлаш бўйича қилинадиган ишлар кўрсатилган.
Йиғилиш давомида мазкур механизм бўйича мутахассисларнинг фикрлари тингланди, уни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ўрганилди. Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Жиззах вилояти бўлади.