Ру En O'z
4 Июнь 2022 1416

Стол теннисчиларимиз Осиё чемпионатига саралаш турнирида 4 та медаль қўлга киритишди

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида стол тенниси бўйича ёшлар ўртасида Осиё чемпионатига йўлланмаси берувчи мусобақа бўлиб ўтди. Марказий Осиё минтақаси вакиллари қатнашган турнирда терма жамоамиз 4 та медалга сазовор бўлиб, қизлар терма жамоамиз Осиё чемпионатининг финал босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Турнирда қизларимиз ўзларининг ажойиб иштироклари билан ёдда қолишди. Жамоавий дастурда финалгача етиб борган спортчиларимиз фақатгина мезбонларга ҳал қилувчи босқичда 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Шундай бўлса ҳам улар жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган қитъа биринчилиги йўлланмасини ижобий ҳал қилдилар.

Шунингдек, йигитларимиз жамоавий дастурда, Марҳабо Магдиева ҳамда Шоҳруҳ Искандаров яккалик йўналишида бронза медалига сазовор бўлишди. Ўзбекистон стол тенниси федерациясининг маълум қилишича, регламентда фақатгина финалчилар қитъа биринчилигининг ҳал қилувчи босқичига йўлланма олиши белгиланган. Мусобақада шоҳсупага кўтарилган спортчиларимиз:

Кумуш медаль:
Қизлар ўртасида жамоавий баҳс (Марҳабо Магдиева, Асель Эркебаева, Меҳринисо Норқулова, Норжон Гиязова)

Бронза медаль:
Йигитлар ўртасида жамоавий баҳс (Шоҳруҳ Искандаров, Жавоҳир Исматов, Никита Понов, Дамир Жусбанов);
Марҳабо Магдиева (яккалик);
Шоҳруҳ Искандаров (яккалик).


Фото: Қозоғистон стол тенниси федерацияси

Text to speech