Ру En O'z
3 Июнь 2022 1272

Самарқанд Олимпиячиларимиз учун марказлаштирилган базага айлантирилади

Президентимизнинг 23 май куни видеоселектор йиғилишида берган топшириқлари бўйича ҳудудларда ўтказилаётган ўрганиш ишлари давом этади. МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Самарқанд вилояти бўлди.

Маълумки, Самарқанд Республикамизда 2 та Олимпия захиралари коллежига эга бўлган ягона вилоят ҳисобланади. Самарқанд ва Тойлоқ ОЗК кўплаб терма жамоаларимиз учун кучли атлетларни етиштириб бериши сир эмас, бироқ сўнгги вақтда мазкур ҳолат фақатгина маълум спорт турлари билан чекланиб қолган.

Бу борада давлатимиз раҳбари Самарқанд ОЗК спорт гимнастикаси, таэквондо ва стол тенниси бўйича сўнгги 3 йилда мусобақаларда совринли натижа кўрсатмагани, аммо коллежда ушбу спорт турлари бўйича 23 нафар спортчи, 3 нафар тренер мавжуд экани ҳақида танқидий фикр билдирган эди. Вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси, БЎСМ ва ИБЎСМ мутасаддилари билан ўтган учрашувда шу ва бошқа ўз ечимини кутаётган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Учрашувда МОҚ мутасаддилари иқтидорли ёшларни саралаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш орқали спорт таълимидаги сифатни яхшилаш бўйича Спортни ривожлантириш вазирлиги билан ишлаб чиқилган режа тақдимотини ўтказишди. Маълумки, унда мусобақалар спорт турлари хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуднинг туман ва шаҳарларида ёш тоифалари бўйича зоналар ва секторлар кесимида ўтади. Йиғилиш давомида мутахассислар билан янги тизимни амалга татбиқ қилиш, унинг самарадорлигини янада ошириш бўйича фикрлар билдирилди.

Режага кўра, келгусида Олимпия ўйинлари учун атлетларни тайёрлаш маркази айнан Самарқандда бунёд этилади. Хитой тажрибаси асосида бу ерда барча асосий терма жамоалар йирик комплекс мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионати каби муҳим стартларга тайёргарлик кўришади. Шу боис, йиғилишда вилоятдаги мавжуд инфратузилмани янада кучайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Мутасаддилар ташриф давомида ҳудудларда ўтказилаётган машғулотлар жараёнини кузатиб, ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишишди. Ўрганишлар натижаси бўйича амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Text to speech