Ру En O'z
3 Июнь 2022 2014

Сергелида кўп тармоқли спорт мажмуаси болажонлар ихтиёрига топширилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлодни ақлан етук қилиб тарбиялаш билан бир қаторда жисмонан баркамол этиб вояга етказиш жамият ва давлат олдидаги энг устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида пойтахтимизнинг Сергели тумани Қўйлиқ-5 даҳасида жойлашган 277-умумтаълим мактаби ҳудудида барча замон талабларига жавоб берувчи кўп тармоқли спорт маскани бунёд этилди. Бу ерда яккакураш, хусусан, дзюдо спорт турига ихтисослаштирилган зал, замонавий бассейн, стрит ворк-аут, фитнес билан шуғулланиш имконини берувчи майдонча ҳамда сунъий қопламали футбол майдони мавжуд.

Тантанали очилиш маросимида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрaмов, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев, Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди.

«Ҳақиқатан ҳам кўрган кишининг кўзи қувнайдиган спорт маскани ёшларимиз ихтиёрига топширилмоқда. Бу ерда ташландиқ ҳолатга келиб қолган бассейн ҳам бўлар эди. Қурувчиларимиз бу сув ҳавзасини ҳам қисқа муддатда замонавий кўринишга келтиришди. Болажонларнинг айни таътил кунлари сув ҳавзасининг фойдаланишга топширилаётгани ҳар биримиз, айниқса, шу маҳалла ёшларининг қувончига сабаб бўляпти», - деди очилиш маросимида сўзга чиқар экан Спортни ривожлантириш вазири.

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғишда давлатимиз раҳбари томонидан Олимпиада ғолиб ва совриндорлари номи билан аталувчи мактабларни очиш бўйича вазифа берилган эди. Сергелида фойдаланишга топширилган ихтисослаштирилган дзюдо залига Олимпия ўйинларининг уч карра совриндори, икки карра жаҳон чемпиони Ришод Собиров номи берилди.

Таъкидлаш жоиз, 23 май куни Президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида йил якунигача 508 та маҳаллада худди шундай кўп функцияли спорт майдончаларини қуришга кўрсатма берилган. Бу орқали 6 миллион нафар ёшлар оммавий спорт билан қамраб олинади.

Text to speech