МОҚнинг узоқ йиллик ҳамкори Анвар Авазхўжаев 76 ёшда!
Бугун профессионал фотограф ва оператор, ўз ишининг фидойи инсонларидан бири Анвар Авазхўжаев 76 ёшни қарши олди.
Анвар Авазхўжаев 1946 йил Тошкентда туғилган. Бу инсон Ўзбекистон МОҚ ташкил топгандан бери Қўмита билан яқин ҳамкорлик қилиб келади. Шу пайтгача Ўзбекистон делегацияси билан 7 та ёзги ва 1 та қишки Олимпия ўйинларида, шунингдек, Осиё ўйинлари ва бошқа бир қатор йирик мусобақаларда делегациямиз билан иштирок этган. МОҚ медиасининг архивидан жой олган аксарият қимматбаҳо материалларнинг ижодкори ҳисобланади. Фаолияти давомида “Ўзбектелефильм” студиясида операторлик қилиб, 400 дан ортиқ ҳужжатли фильмларни ишлаган ва уларнинг 50 дан ортиғи ўзбек спортига оиддир. Унинг узоқ йиллик меҳнатлари давлатимиз томонидан “Дўстлик" ордени ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Анвар Авазхўжаевни таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.