Навоий вилояти ҳокими билан Президент топшириқларининг ижроси бўйича режалар муҳокама қилинди
Хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти 23 май куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятларда бўлиб турибди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухородан сўнг Навоий вилоятига ташриф буюрди.
Сафар Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов билан учрашувдан бошланди. Учрашувда вилоят спортидаги камчиликлар, муаммолар ҳақида сўз борди. Томонлар Республикамизнинг энг йирик вилоятида спортни ривожлантириш йўлидаги режа ва таклифлар билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланган селекция ишлари ва спорт таълимини янада кучайтириш учун вилоятда инфратузилма етарли эканлиги қайд этилди.
Ташриф давомида мутасаддилар Навоий вилоятидаги бир қатор спорт объектларида бўлишди. БЎСМ ва ИБЎСМ, Олимпия захиралари спорт коллежига қарашли спорт залларидаги шароитлар билан танишишди, мураббий ва спортчилар билан суҳбатлашишди.
"Маънавият ва маърифат маркази"да ўтказилган учрашувда Навоийдаги илғор спорт муассасалари, шунингдек, вилоятдаги спорт федерациялари масъуллари иштирок этишди. Учрашув давомида иқтидорли атлетларни тайёрлаш бўйича режалаштирилаётган мутлақо янги механизмнинг ишлаш тизими мутасаддилар томонидан тақдимот кўринишида тушунтириб берилди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда вилоят спортига бефарқ бўлмаган мураббий ва мутахассислар ўзларини қийнаётган муаммолар, таклифлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди.