Магомед Ибрагимов ва Муаттар Набиевани табриклаймиз!
Бугун эркин кураш бўйича Олимпиада совриндори Магомед Ибрагимов ҳамда оғир атлетика бўйича Олимпиада рекордчиси Муаттар Набиева таваллуд айёмини нишонламоқда.
Магомед Ибрагимов 1985 йилнинг 2 июнь куни дунёга келган. Эркин курашчимиз Рио-2016 Олимпиадасида -97 кг вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлган. У 2018 йили Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказилган XVIII Осиё ўйинларида ҳам бронза медалини қўлга киритган. 2017 йили Нью-Деҳли, 2018 йилда эса Бишкек шаҳрида ўтган Осиё чемпионатларида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган. Токио-2020 Олимпиадаси иштирокчиси.
Муаттар Набиева 1996 йил 2 июнь куни Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган. Фаолияти давомида ёшлар ва катталар тоифасида бир қатор нуфузли мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган. Жумладан, Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори. Токио-2020 Олимпия ўйинларида иштирок этиб, -55 кг вазн тоифасининг даст кўтариш машқида Олимпиада рекордини ўрнатган. Қайд этган натижалари эвазига давлатимиз томонидан “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳар икки спортчимизни таваллуд айёми билан табриклаб, уларга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.