Ру En O'z
1 Июнь 2022 1249

МОҚ раҳбариятининг бу галги манзили Фарғона вилояти бўлди

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти 23 май куни Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятларда бўлиб турибди. Водийга йўл олган ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Фарғона вилояти бўлди.

МОҚ раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов режага биноан вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси, БЎСМ, ИБЎСМ, ОЗК мутасаддилари ва соҳа вакиллари билан учрашув ўтказди. Фарғона шаҳридаги “Само” спорт комплексида ўтган тадбирда видеоселекторда кўтарилган масалалар, берилган топшириқлар ижросини таъминлаш учун йўлга қўйиладиган механизм кенг муҳокама қилинди.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбари 23 май кунги йиғилиш давомида Фарғона бокси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. Хусусан, унда сўнгги Олимпия ўйинларида вилоят спорти натижа кўрсатмагани, кўплаб йўналишлардаги мактаблар, ОЗК фаолияти орқага кетаётгани таъкидланган. Учрашув давомида МОҚ раҳбарияти мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Андижон вилоятида ўтган йиғилишда бўлгани каби фарғоналик мутахассисларга ҳудудларда ёшларни спортга жалб этиш, уларни саралаш учун Президентимиз берган топшириқлар асосида дзюдо ва таэквондо спорт турлари мисолида ишлаб чиқилган янги тизим таништирилди. Шерзод Ташматов шу тариқа иштирокчиларни янги тизим механизми, унинг ўзига хосликлари билан таништириб ўтди.

Янги лойиҳага кўра, мусобақалар спорт турлари хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуднинг туман ва шаҳарларида ёш тоифалари бўйича зоналар ва секторлар кесимида ўтади. Унда ҳудудларга масъул мутахассислар бириктирилиб, баҳсларни бошқаришда шаффоф ва одилона ҳакамлик корпуслари яратилади. Мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган иқтидорли ёшларни спорт мактаблари ва Олимпия захиралари коллежларига йўналтириш масаласи кўриб чиқилади.

Шунингдек, йиғилиш давомида ҳокимият ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан иқтидорли спортчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ҳам муҳокама қилинди.

Text to speech