Ру En O'z
31 Май 2022 1376

МОҚ раҳбарияти Президент топшириғи асосида ҳудудларга ташриф буюрмоқда

Маълумки, жорий йилнинг 23 май санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида спорт таълимини яхшилаш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг захирасини яратиш ҳамда мураббийларни тайёрлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбариятига мазкур йўналишда бир қатор топшириқлар берилди. Миллий Олимпия қўмитаси ва Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида тузилган режа асосида топшириқлар ижросини ҳудудлар кесимида амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди. Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов бу борадаги лойиҳани Андижон вилоятидан бошлашди.

Мутасаддилар ташриф давомида вилоят ҳокимлиги, вилоят спортни ривожлантириш бошқармаси, БЎСМ, ИБЎСМ, ОЗКларнинг масъул мутасаддилари, тренер ва ҳакамлари билан учрашув ўтказишди. Тадбирда Азизжон Камилов Президентимиз томонидан видеоселектор йиғилишида билдирилган барча танқидий эътирозлар ўринли эканлиги, соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш учун устувор вазифалар белгилаб берилганлигини айтиб ўтди. А.Камилов сўз якунида бу борадаги ишларни амалга оширишда барчадан ўз вазифаларига масъулият ва виждонан ёндашишни сўради.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ спорт мактаблари, Олимпия захиралари коллежлари, федерация ва Республика олий спорт маҳорати мактаблари ўртасида селекция борасида узвий янги механизмни шакллантириш, спорт таълимини янада яхшилаш ва иқтидорли спортчиларни тайёрлаш, Олимпия захиралари коллежларидан муносиб спортчиларнинг етишиб чиқмаслиги сабаблари, жойлардаги мутахассис ва тренерларнинг малакаси, ёшларни спортга жалб қилиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва селекция қилиш бўйича миллий чемпионатларнинг вилоят босқичини ўтказиш тизимларини ўрганиб чиқди.

Бундан ташқари, ҳудудларда спорт турлари бўйича фаолият олиб бораётган тренерлар ва ҳакамларнинг шаффоф ишлаш тизимини яратиш, уларнинг салоҳиятини ҳамда иш самарадорлигини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашув давомида Шерзод Ташматов, ҳудудларда ёшларни спортга жалб этиш, уларни саралаш бўйича янги тизим жорий қилиш бўйича Президентимиз берган топшириқлари асосида, дзюдо ва таэквондо спорт турлари мисолида янги тизим ишлаб чиқилганлигини қайд этди. Шунингдек, у янги тизим механизми бўйича мусобақаларни спорт турлари хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудуднинг туман ва шаҳарларида ёш тоифалари бўйича зоналар ва секторлар кесимида ўтказиш, ҳудудларга масъул мутахассисларни бириктириш, баҳсларни бошқаришда шаффоф ва одилона ҳакамлик корпусларини яратиш, мусобақада ғолиб ва совриндор бўлган иқтидорли спортчиларни спорт мактаблари ва Олимпия захиралари коллежларига йўналтириш тизими билан таништириб ўтди.

Ушбу ишлаб чиқилган янги тизим механизми бошқа Олимпия спорт турлари бўйича ҳам зоналар ва секторлар кесимида ёшларни спортга жалб этиш ва селекция мусобақалари ўтказишда қўлланилишини маълум қилди.

Ишчи гуруҳнинг кейинги манзили Фарғона вилояти бўлади.

Text to speech