Ру En O'z
31 Май 2022 1641

Самарқандда болалар учун иккинчи веломарафон ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Велоспорт федерацияси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни”га бағишлаб мактабгача ёшдаги болалар ўртасида II веломарафон ўтказилди.

Кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди.

Самарқанд шаҳар МТМларининг 6 ёшдаги 120 нафар иштирокчилари Алишер Навоий кўчаси (Савдо-саноат палатаси олдидан СамДУ Физика факультетига қадар) бўйлаб ҳаракатландилар.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ташкил этилган дастлабки веломарафон 2021 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган эди. Шу билан бирга, 2021 йилда мактабгача таълим тизимига экологик таълим-тарбияни ҳамда болалар учун беговел ҳайдаш методикасини жорий этиш бўйича лойиҳа ишга туширилди. Мазкур ташаббус мактабгача ёшдаги болаларнинг бу борадаги билимларини ошириш имконини берди. Бунинг учун 13 та давлат мактабгача таълим ташкилоти 400 та беговел билан таъминланди. Жорий йилда эса, лойиҳа доирасида 20 та давлат мактабгача таълим ташкилоти танлаб олиниб, уларга 500 та беговел тақдим этилди.

Болалар веломарафонининг асосий мақсади атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил транспорт туридан фойдаланиш соҳасида барқарор кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, мактабгача ёшдаги болалар ўртасида велоспортни оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва хулқ-атвор маданиятини ошириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга ўргатишдан иборат.

Самарқанд шаҳридаги веломарафонда иштирок этган болалар эсдалик медаллари, совғалар билан тақдирландилар.

Text to speech