Ру En O'z
30 Май 2022 1538

Ўзбек спорти забардаст фарзандидан айрилди

Инна лиллаҳи ва Инна илайҳи рожиъун!

Бугун ўзбек спорти, хусусан, журналистикасида ўз ўрнига эга бўлган инсон Ахбор ота Имомхўжаев 86 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Ахбор Рустамович Имомхўжаев 1936 йил 19 февраль куни Тошкентда дунёга келган. Ахбор ота ҳаётини жисмоний тарбия ва спорт тарғиботига бахшида қилди.

Бутун умри давомида оммавий спорт тарғиботи билан машғул бўлган. Фаолияти давомида футбол учрашувларида ҳакамлик қилиб, Республика тоифасидаги ҳакам даражасигача етиб борди. 10 йил давомида Ўзбекистоннинг энг яхши ҳакамлари қаторида бўлган, “Пахтакор” футбол клубида жамоа бошлиғи лавозимида ишлаган. Ўзбекистон телевидениесида эса спорт таҳририяти шарҳловчиси, бўлим мудири ва бош муҳаррир лавозимларида фаолият кўрсатди. Ушбу даргоҳдаги узоқ йиллик фаолияти орқали Ахбор Имомхўжаев ўзбек футбол шарҳловчилиги мактабига асос солди.

У инсондан бизга “Футбол – қувончим, дардим, фахрим”, “Мафтунингман, футбол” ва “Ўзбегимнинг Миржалоли”, ўзбек футболининг 100 йиллигига бағишлаб “Аср футболидаги асл қадрдонларим” каби нодир китоблар қолди. Ахбор ота ўзбек спорти ривожига қўшган ҳиссаси учун ҳаётлигида ҳукуматимиз томонидан “Шуҳрат” медали, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи" фахрий унвони билан тақдирланган. Шунингдек, Турон фанлар академиясининг академиги ва Ўзбекистон журналистларининг “Олтин қалам” миллий мукофоти лауреати бўлган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши Ахбор ота Имомхўжаевнинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига, оила-аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради. Марҳумнинг яқинларига яратгандан сабр тилаб қоламиз.

Text to speech