Ру En O'z
30 Май 2022 2114

Ўз вақтида дунёнинг энг яхши мураббийи деб тан олинган Андрей Штурбабин 50 ёшда!

Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози Андрей Штурбабин ўзининг ярим асрлик ёшини қарши олмоқда.

Андрей Анатольевич Штурбабин 1972 йил 30 май куни таваллуд топган. Спортчилик фаолияти давомида Атланта-1996 ва Сидней-2000 Олимпиадаларида иштирок этган. Бангкок-1998 Осиё ўйинларида ва қитъа чемпионатларида шоҳсупага кўтарилган. Андрей Анатольевичнинг мураббийлик фаолияти ёрқин саҳифаларга бой. Жумладан, у 3 карра Олимпия ўйинлари совриндори Ришод Собиров, Рио-2016 Олимпиадаси бронза медали соҳиби Диёрбек Ўрозбоев каби номдор полвонларни тарбиялаган.

Штурбабин бир неча йил давомида Ўзбекистон терма жамоасида бош мураббий сифатида самарали фаолият юритди. 2011 йилда Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) томонидан дунёнинг энг яхши мураббийи деб топилган. У маълум муддат Эрон терма жамоасига ҳам устозлик қилди. Бугунги кунда Словения терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритмоқда.

Тажрибали мураббий Андрей Штурбабин кўп йиллик хизматлари учун ҳукуматимиз томонидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони, “Дўстлик” ордени ҳамда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Андрей Штурбабинни туғилган куни билан муборакбод этиб, унга узоқ умр, келгуси фаолиятида янги зафарлар тилаб қолади.

Text to speech