Роксана Худоёрова Францияда кумуш медални қўлга киритди
Маҳоратли енгил атлетикачимиз Роксана Худоёрова Европада яна бир халқаро мусобақада иштирок этди. Бу сафар вакиламиз Франциянинг Форбак шаҳрида ташкил этилган “Meeting international de Forbach” турнирида шоҳсупага кўтарилди.
Худоёрова бу гал ҳам ўзининг севимли уч ҳатлаб сакраш йўналишида қатнашди. Турнир очиқ ҳавода ўтган бўлса ҳам, беллашувлар вақтида ҳаво ҳароратининг +11 градусга тушиб кетгани атлетлар учун ноқулайлик туғдирди.
Натижаларга тўхталадиган бўлсак, Токио-2020 иштирокчиси Роксана Худоёрова медаллар учун Олимпиада финалчилари билан рақобатлашди. Якунда 13,42 метр натижа билан ҳамюртимиз кумуш медалга сазовор бўлди. Ғолиблик 14,14 метрга сакраган финляндиялик Кристина Макелага насиб этган бўлса, мезбон Руги Диалло 13,31 метр билан кучли учликни якунлаб берди.
“Meeting international de Forbach”, Франция
Уч ҳатлаб сакраш, аёллар:
1. Кристина Макела (Финляндия) – 14,14
2. Роксана Худоёрова (Ўзбекистон) – 13,42
3. Руги Диалло (Франция) – 13,31
Бу Худоёрова учун сўнгги беш кун ичидаги учинчи старт бўлди. Австралияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказган атлетимиз 25 май куни Грецияда, 27 май куни Польшада ўтган халқаро мусобақада бешинчи ўрин билан кифояланган эди. Бундай тиғиз тақвимдаги иштирокига вакиламиз қуйидагича изоҳ берди:
“Беш кун ичида учта турли мамлакатлардаги мусобақада қатнашиш жуда мураккаб. Бешта парвоздан сўнг барқарор натижалар кўрсатганимдан кўнглим тўлди. Деярли мудроқ ва ҳорғин ҳолатда, мураббийларсиз бир ўзим мураккаб йўлни босиб ўтдим. Энди янада катта ғайрат билан кейинги стартларга тайёрланаман”.