Ру En O'z
28 Май 2022 1664

16 ёшли енгил атлетикачимиз жаҳонда мавсум етакчисига айланади

Пойтахтимиздаги енгил атлетика марказида ушбу спорт тури бўйича катталар ўртасида мамлакат кубоги ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда. Бугунги баҳслар давомида уч ҳатлаб сакраш секторида U18 ёш тоифасида жаҳонда мавсумнинг энг яхши натижаси ва мамлакат рекорди қайд этилган бўлса, U20 йўналишида ЖЧ нормативи бажарилди.

Ушбу дастурда Шарифа Давронова (2006 йил) олтинчи уринишда 13.92 метр натижа билан 13 йилдан бери ўзгармай турган ўсмирлар ўртасидаги мамлакат рекордини янгилашга муваффақ бўлди. 2009 йил Италияда ўтган дунё биринчилигида бронза медалини қўлга киритган Валерия Канатова 13,74 метр кўрсаткич билан ушбу сектордаги Республика рекорди муаллифи бўлиб турган эди. Янада аҳамиятлиси, жорий йил бутун дунёда ўсмирлар ва ёшлар тоифасида ҳеч бир спортчи бундай узоқликка сакрай олмаган.

Шунингдек, Хушноза Шавкатова (2005 йил) 12,91 метр натижа қайд этди. Бу билан Шавкатова жорий йилнинг 1-6 август кунлари Колумбиянинг Кали шаҳрида ўтадиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати нормативини (12,85 м) бажарди. 

Қайд этиш жоиз, ҳар икки спортчимиз Самарқанд мактаби тарбияланувчиси бўлиб, Музаффар Каримов қўл остида шуғулланишади. Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг маълум қилишича, мусобақа якунлангач, Халқаро енгил атлетика федерацияси унда қайд этилган натижаларни тасдиқлаши билан Шарифа Давронова ҳам ўсмирлар, ҳам ёшлар тоифасида уч ҳатлаб сакраш дастурида мавсум етакчисига айланади.

Text to speech