Ру En O'z
28 Май 2022 1336

Конкурчиларимиз Евросиё лигаси Миллатлар кубогини юқори нотада якунлашди

Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича 26 май куни старт олган Евросиё лигаси Миллатлар кубогининг 3-босқич баҳслари поёнига етди. 

Бугун мусобақанинг энг асосий йўналишида ғолиб аниқланди. Гран-при таснифида баландлиги 150 смни ташкил этган тўсиқлардан ўтиш дастурида Умид Камилов олтин медалга сазовор бўлди. Спортчимиз “Жорди” тулпорида қирғизистонлик асосий рақобатчисини ўзининг моҳирона ҳаракатлари билан ортда қолдирди. 

Шунингдек, “Жокер” дастурида яна бир иқтидорли ҳамюртимиз Хуршидбек Алимжонов “Кордон Блеу” билан 870 балл жамғариб, мусобақа ғолибига айланди. “Жокер” конкурнинг ўзига хос йўналиши бўлиб, ҳар бир тўсиқлардан ўтиш чавандозга қўшимча балл тақдим қилади. Бунда очколар миқдори ҳар тўсиқлардан сўнг ошиб боради. 

Ушбу мавсумлардаги ажойиб ғалабалар чавандозларимизга қаторасига иккинчи йил Жаҳон кубогининг финал босқичларида иштирок этиш имкониятини тақдим қилмоқда. Ортда қолган 3 босқичда чавандозларимиз жамоавий дастурда қаторасига иккинчи марта Барселонада бўлиб ўтадиган конкур бўйича Миллатлар кубогининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритган бўлсалар, терма жамоамиз етакчиси Нуржан Туякбаев келаси йил АҚШнинг Омаха шаҳри мезбонлик қилувчи Жаҳон кубогининг финали иштирокчисига айланди. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси конкурчиларимизнинг Евросиё лигаси Миллатлар кубогидаги муваффақиятли иштироки билан Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси, терма жамоамиз вакилларини самимий муборакбод этиб, Жаҳон кубогининг финал беллашувларида ҳам уларга улкан ғалабалар тилайди.

Text to speech