Чавандозларимиз Қозоғистонда ҳам ғолибона одимлашмоқда
Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича Евросиё лигасининг Миллатлар кубоги баҳслари бўлиб ўтмоқда. 9 мамлакат вакиллари иштирокидаги мусобақанинг бугунги беллашувлари терма жамоамиз учун муваффақиятли якунланди.
140 см баландликда ўтказилган дастурда “Жорди” лақабли тулпорда иштирок этган Умид Комилов энг яхши натижани қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Янада аҳамиятлиси, икки кунлик беллашувлардан сўнг “Евросиё лигасининг Миллатлар кубоги-2022” мусобақасида рақибларини катта тафовут билан ортда қолдирган терма жамоамиз якуний ҳисобидаги етакчиликни расмийлаштирди ва бош соврин билан тақдирланди.
Маълумот учун, мусобақанинг бу йилги баҳсларида жамоамиз таркибида Бекзод Қурбонов, Нуржан Туякбаев, Хуршидбек Алимжонов ва Умид Комилов бетакрор чиқишлари билан ғалабага муносиб ҳисса қўшишди. Ушбу муваффақият жамоамизга қаторасига иккинчи марта жорий йил сентябрь ойида Барселонада ўтадиган Миллатлар кубогининг финал босқичига йўл очди.