Ру En O'z
27 Май 2022 2279

Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги раҳбар сайланди

Бугун Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда федерацияга янги раҳбар сайлаш кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди. Йиғилишда дастлаб шу давргача Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси лавозимида ишлаб келган Рустам Шоабдураҳмоновнинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди ва делегатлар томонидан қабул қилинди.

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги асосий масалага ўтилди. Унда “Kapitalbank” АТБ Кузатув кенгаши раиси Абдусаматов Мақсуд Абдувалиевичнинг номзоди Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси лавозимига таклиф этилди ва конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. Шу тариқа Мақсуд Абдусаматов Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси этиб сайланди.

“Авваламбор, менга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Ҳозирда ушбу спорт ва қиличбозлик оиласининг ичига кириб, вазият билан яқиндан танишмоқдаман. Ўрганишлар асосида янги истиқболли режаларни шакллантирамиз. Олдимизда турган йирик мусобақаларда спортчи ва мураббийларимизнинг муваффақиятга эришишлари учун барча шароитларни яратиб берамиз” – деди Мақсуд Абдусаматов.

Сўнг кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги бош котиб сайланди. Унга кўра, ушбу вазифада фаолият кўрсатиб келган Гулнора Саидова мазкур лавозимга қайта сайланди.

Конференция иштирокчилари Рустам Шоабдураҳмоновнинг бошқаруви даврида ўзбек қиличбозлиги қайта уйғонганлиги, ёшлар ўртасида биринчи жаҳон чемпиони етишиб чиққани, Олимпия ўйинларига илк бор 3 та лицензия қўлга киритилганини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Ўз навбатида янги сайланган раҳбарга ушбу ғалабаларни давом эттириш йўлида куч-ғайрат тилашди.

Шу тариқа Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Text to speech