Ру En O'z
26 Май 2022 1560

Федерация ва ассоциацияларимиз учун ҳуқуқий мавзуда семинар ўтказилди

Бугун Адлия вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси ҳамкорлигида федерация ва ассоциацияларимиз учун “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Вазирлик биносида ўтган ушбу тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, федерациялар ходимлари, шунингдек, Вазирликнинг масъул мутасаддилари иштирок этишди. 

Даставвал Адлия вазирлигининг Нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) бошқармаси бошлиғи Аваз Мадаминов ННТ фаолиятига оид қонунчиликдаги янги ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти билан таништирди. Бунда мутахассис федерацияларнинг Адлия вазирлиги билан ишлаш тартиби, тасдиқдан ўтказиладиган ҳужжатлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. 

Шундан сўнг Ойбек Касимов соҳада учраётган хато ва камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари бўйича гапирди:

“Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида соҳамизга оид видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари кўплаб жиҳатларда ишимиздан қониқмаётганини айтиб ўтдилар. Федерацияларимизнинг фаолияти таҳлил қилинганда, ҳамма ҳам қонунчилик талабларига вақтида риоя қилмаётганига гувоҳ бўлдик. Шу боис ўтказилаётган ушбу семинар федерацияларимиз учун жуда ҳам фойдали. Бугун кўпроқ эътибор қаратиладиган 3 йўналишга барча федерациялар фаолиятида қатъий риоя қилишлари керак. Булар қабул қилинган грантлар ҳақида Адлия вазирлигига маълумот бериб бориш, хорижлик мутахассисларни терма жамоага жалб қилиш ва улар билан шартнома тузишда барча масалаларга аҳамият қаратиш ҳамда ташкилот фаолияти юзасидан йиллик ҳисоботларни ўз вақтида тақдим қилиш”.

Шунингдек, МОҚ Бош котиби ҳар бир федерациялардан ўзлари ўтказадиган Бош Ассамблея, Ижроия қўмитаси ва бошқа йиғилишлар бўйича протоколларни белгиланган муддат ичида Адлия вазирлигига жўнатиш лозимлигини эслатиб ўтди. 

Семинар давомида Вазирликнинг яна бир қатор масъуллари мавзу юзасидан федерация ходимларига кўплаб маълумотлар беришди. Якунда ўтказилган савол-жавоб орқали иштирокчилар мавзу бўйича ўз билимларини янада бойитиб олдилар.

Text to speech