Ру En O'z
26 Май 2022 1050

Анвар Ильясовни табриклаймиз!

Бугун юртимиз Олимпия ҳаракатининг фаол иштирокчиларидан бири, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг яқин ҳамкори, профессионал фотограф Анвар Ильясов таваллуд айёмини нишонламоқда.

Анвар Ильясов 1964 йил 26 май куни дунёга келган. Профессионал фотограф сифатида делегациямиз билан 6 та ёзги Олимпия ўйинларида (Сидней-2000, Афина-2004, Пекин-2008, Лондон-2012, Рио-2016, Токио-2020), шунингдек, 5 та Осиё ўйинлари (Пусан-2002, Доха-2006, Гуанчжоу-2010, Инчеон-2014, Жакарта-2018), Буэнос-Айрес-2018 ўсмирлар Олимпиадаси, спорт курашлари, (Тошкент-2014, Нур-Султан-2019), бокс (Олма-ота-2013), дзюдо (Париж-2011) бўйича жаҳон чемпионатларида, 2018 йил Россия яшил майдонларида ўтган футбол мундиалида ҳам ишлаган.

Атлетларимизнинг ана шундай йирик мусобақалардаги энг ёрқин лаҳзалари муҳрланган суратларнинг аксарияти ушбу фотограф ижодига мансуб. Анвар Ильясов 2015 йил "Олтин қалам" Миллий мукофотида “Энг яхши фотограф” номинацияда ғолиб бўлган. Шунингдек, ўша йили Россияда ўтган “Энергия Побед-2015” халқаро танловида олтин медални қўлга киритган. 2016 йил FILA (ҳозирги UWW) ташкилотининг махсус совринига лойиқ кўрилган. Соҳада эришган муваффақиятлари эвазига давлатимиз томонидан "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Анвар Ильясовни таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва улкан муваффақиятлар тилаб қолади.

Text to speech