Ру En O'z
25 Май 2022 1835

Яшнободлик ёшлар учун “Болаларга беринг дунёни!” байрам дастури ўтказилди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги “Катта-Қўйлиқ” маҳалласида “Болаларга беринг дунёни!” шиори остида байрам дастури бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда ёшлар орасида оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш бўйича берган топшириғи асосида ўтказилган ушбу тадбир йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Унда Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбарияти, маҳалла фаоллари, меҳнат ва спорт фахрийлари, туман ҳокимияти мутасаддилари, қолаверса, таниқли дзюдо мураббийи Фарҳод Тўраев бошчилигидаги ёш полвонлар иштирок этишди.

Байрам дастурида маҳалла ёшлари спорт соҳасидаги қобилиятларини намойиш қилишди. Дзюдо, ўзбек миллий кураши ва эркин кураш бўйича кўргазмали чиқишлар йиғилганлар учун манзур бўлди. Спортчи ёшлар ва фахрийлар ўртасида ўтказилган учрашувда кўп йиллик ҳаётий тажрибага эга бўлган оқсоқоллар келажак авлод вакиллари учун қимматли маслаҳатларини беришди.

Якунда тадбирнинг бадиий қисми, шўх куй-қўшиқлар маҳалла фуқароларига янада кўтаринки кайфият улашди.

Text to speech